Tuesday 31 March 2015

СИЗГА УЛАШАМАН



“Сенга нима керак шунча нарсани ёзиб бош оғриғи қилиб? Ёки шон-шуҳрат керакми?”
Болалигимда кўп китоб ўқирдим. Ўқиганларим асосида дунёқарашим ва бугунги принципларим шаклланди. Ҳозир ҳам ўқийман ва улар менга таъсир қилади, натижада баъзи қарашларимни ўзгартираман. Яхши фикр, фойдали мулоҳаза экан, уни айтсам, кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас – кимдир манфаат олар, ахир. Ёзилаётган гаплар меники эмас, йиғма хулосалар, холос. Шон-шуҳрат эса керак эмас. Зотан, шон-шуҳрат билан ҳам яшаш мумкин, шон-шуҳратсиз ҳам яшаш мумкин. Камина шон-шуҳрат деган сўзни луғатимда қолдирмасликни истайман. Бунинг бошқа сабаблари ҳақида эса гапириб ўтирмайман, мавриди келса айтилар...
“Ҳали улгурасан, ҳозир ўқи”.
Ўқишдан тўхтаб бўладими? Умрбод ўқиймиз. Улгуришимни қаердан биласиз? Ўзим ҳам билмайман – қанча умрим қолган. Ҳаётим қачон тўхтайди – билмайман. Улгураман деб юраверсам, эртага кутилмаганда яшаш неъмати мендан тўсилса, айтишим мумкин бўлган, кимларгадир фойдали бўлган бу сўзлар ўзим билан кетгандан кўра қолгани яхшироқ-ку...
“Вақт кетади...”
Камина метрода юраман. Метрода эса ёзиш қулай. Ҳатто, автоуловларда ҳам ёзса бўлади. Фикрласа бўлади. Бекор кетадиган вақтимни тўлдиришга интиламан, холос.

Асосий вазифам эса – ўқиш, ўқиш, ўқиш... Кейин эса уларга амал қилишга ожизона ҳаракат... Ниҳоят... ўқиганларимни Сизлар билан бўлишиш...

АКРОМ МАЛИК

БИЛИШ ОДОБИ


Билмайдиган нарсаларимизни гапиришга ўчмиз. Нега биладиган гапларимизни гапирмаймиз? Чунки билмаймиз-да! Лекин гапирмасак ҳам бўлмайди. Нимадир деб туриш керак-ку, бу тил жонивор.
Румий ҳазратлари ҳақида кўп эшитдим, кўп гапиришди, гапирганларга савол бердим: “Румий бобонинг таржимаи ҳолига оид қандай яхлит манба ўқигансиз? Радий Фиш деган мусташриқнинг романини қўйиб туринг, қандай илмий манба бор ўзбек тилида Румий ҳазратга бағишланган?! Ўрис тилида-чи? Рақси само қаердан келиб чиқди? Асоси нима унинг?”
Жавоб йўқ.
Айтишдики, Нақшбанд ҳазратлари ҳол ва илҳом келиб, пирликни олибдилар-да, аёлларига бориб, энди ака-сингилмиз биз дебдилар. Яъни руҳониятлари шу қадар устун келибди жисмониятларидан.
Савол: “Нақшбанд ҳазратнинг йўллари ниманинг устига қурилган?”
Жавоб: “Фарз ва суннат устига”.
Савол: “Тўппа-тўғри. Балки фарз ва суннатни энг гўзал тарзда адо этиш билан Нақшбандия тариқати барпо бўлди. Хўш, Расули акам, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ваҳий келгач, оиладан воз кечдиларми?”
Жавоб: “Йўқ...”
Савол: “Унда ҳол келди, илҳом келди деб Баҳоуддин ҳазратлари оиладан воз кечишлари мумкинми? Менга шу гапни айтиб берган аниқ манбани кўрсата оласизми?”
Жавоб йўқ...
Кейин ўйлаб қолдим: биз боболаримизнинг ҳаётлари ҳақида нималарни биламиз ўзи? Кўпчилигимиз Нақшбанд ҳазратларининг исмларини биламиз, холос, ҳаётлари, одатлари ҳақида эса ҳеч нарса... Китоблар чиқиб турибди, ўқимаяпмиз. Аммо гапиришга келганда эса... ҳеч ким бизни тўхтата олмайди.

Билмаган ва асоси бўлмаган гаплардан тийилишдан кўра яхшироқ фазилат йўқ бўлса керак инсон учун.

АКРОМ МАЛИК

МУҲАББАТМИ БУ?..


Инсон ўзини ёмон кўра бошлаган вақтдан бошлаб ўзидан афзал зотларга муҳаббат қўяди.
Севги деган туйғу.
Кимнидир жондан ортиқ кўришинг, унинг васли учун ҳамма нарсадан воз кечиб бўлса-да, интилишинг – кишига ато этилган ўзига хос босқичлардан бири.
Севги, муҳаббат, ишқ... Ўзаро ёнма-ён келади. Майли, бу борада етарлича фикрлар айтилган, камина бошқа масалага тўхталсам.
“Одам ўзини севмагунча бошқаларни сева олмас эмиш”.
Бу эгоист – худбинларнинг ўйлаб топган гапи. Ахир, кундай равшан бўлиб турибди-ку – худбин фақат ўзини севади, тамом.
Одам ўзини ёмон кўриши мумкинми? Нафратланиши мумкинми?
Ҳа, бу оғир ҳол. Чунки ўзингдан қочиб қутула олмайсан ва ўзингдан нафрат қиласан. Аммо камдан кам инсонларнинг ўзидан чин маънода нафратланади, ўзини ёмон кўради. Ахир, ўзини унутиб, ўзини йўқ деб билиш.. осонми?!
Инсон қанчалик ўзини ёмон кўрмасин, ич-ичидан яхши одам бўлишни истайди. Шу мақсадда атрофдан билиб-билмай яхшиларни ахтаради. Агар излаган хислатларини кимдадир топиб олса, ўшани жонидан ортиқ кўриб қолади, вассалом. Энди ундан айрилмайди, уни кўрмаса соғинади, унга руҳан, маънан интилади. Шунинг учун яхши хислат эгалари бўлган Устозлар шогирдларнинг муҳаббати ичра ҳаёт кечирадилар. Аммо уларнинг хаёли ва қалби бошқа Юксак Муҳаббатда бўлади...
Камина айтмоқчи бўлган гап – ўзини севган одам ўз қобиғида қолиб кетади. У бошқаларга ўзини бағишлаш туйғусини ҳеч қачон била олмайди.
Кўпчилик Аллоҳга бўлган муҳаббат ҳақида гапиради. Инсонга бўлган муҳаббатни ҳис қилиб кўрмаган, Парвардигорга бўлган муҳаббатни қайдан ҳам билсин! Бир инсонни севдинг, унинг бир амри учун жонингни бергудексан, агар Яратганни севсанг, Унинг амрларига хилоф ишлар қилган бўлармидинг? Севгидан лоф уришдан уялмаймизми?
Муҳаббат деган сўзни ҳис қилишнинг ўзи қанчалик жозиб, қанчалик оловли!..

Дуо қиламиз: Роббим, бизга Ўз муҳаббатингни бер!..

АКРОМ МАЛИК

ҚАНДАЙ КУН


1-апрель – Ҳазил куни. Ҳазил қилинг, кўнгилни ёзинг, дунёнинг ташвишларини унутиб, кулинг, маза қилинг, бир-бирингизни хумордан чиққунча алданг, алданинг, кун бўйи мени биров алдаб қўймасин деб юрак ҳовучлаб, ҳамманинг сўзига шубҳа билан қараб юринг, хўп?
Кўпчиликнинг тушунчаси шунақа: “Вой, нимаси ёмон! Бир кун кўнгилхушлик қилсак, нима бўпти!”
Шу кунга атаб концертлар, аския байрамлари, турли маъни-бемаъни латифалар... Хо-хо, ҳу-ҳу...
Камина айтган бўлардимки, сиз айтаётган ўша кун – ошкора каззоблик куни. Сиз айтатаётган ўша кун – ошкор ёлғон куни. Сиз айтаётган ўша кун – қалбларни қорайтириш куни.
Кулиб-кулиб ғубор кўтариладими? Бировни алдаб, устидан мазах қилиш – шодликми? Ўзга одамни оғир аҳволга солиб, мамнун бўласизми? Кимдир алданиб, бирор жойга бориб вақт йўқотган, кимдир алданиб, асаби бузилган... Ҳазил куни шу экан деб чидаган. Аммо кейин қасд олиш учун ёлғончилик режаларини ишлаб чиққан...
Шайтоннинг ҳийлаларига алданиш куни бу. Шубҳа, гумон куни бу. Одамларни бир-биридан узоқлаштирадиган кун бу. Беҳуда ишлар билан ҳаётни совурадиган кун бу.
Шундай эмасми? Унда айтинг-чи, Сизни алдаб кетишса, хурсанд бўласизми ёки аламзада? Агар хурсанд бўлсангиз, бу нодонлик белгисидир. Чунки ўзининг алданганидан, гарчи бизга тўғри келмаса ҳам, истисно тариқасида айтамиз – ўзининг “лох” бўлганидан шодланадиган одамни ҳеч ким оқил, мўмин, имонли дея олмаса керак.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Ростгўйлик куни деб эълон қилинг.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Меҳр-шафқат куни деб эълон қилинг.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Илм куни деб эълон қилинг.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Ширин сўз куни деб эълон қилинг.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Саховат куни деб эълон қилинг.
Қани, имконингиз бўлса, бирор кунни Самимият куни деб эълон қилинг...
Токи ҳар куни рост гапира олмас экансиз, токи ҳар куни меҳр-шафқатли бўла олмас экансиз, токи ҳар куни илм ололмас экансиз, токи ҳар куни ширин сўз айта олмас экансиз, токи ҳар куни саховат кўрсата олмас экансиз, токи ҳар куни самимийликка имкон йўқ экан, бирор кунни шулар учун махсус белгиланг, қанийди, аста-секин ўша хайрли ишлар Сизнинг одатга айланиб қолса!
Отабек Мажидов деган акамиз айтди: “Одамларнинг 1-апрелни ёлғон куни дейишларига ҳайронман, худди бошқа кунлар ёлғон гапирмайдигандек!”

Дарҳақиқат, ҳар кунимиз алдовдан иборат бўлиб қоляпти-ку. Бундай фойдасиз иллат учун кун ажратгандан кўра умримизни Эзгуликка сарфласак, қандоқ ҳам гўзал бўлар эди!

АКРОМ МАЛИК

Monday 30 March 2015

ИМТИҲОНЛАР ОЛАМИ

Инсон ниманидир кутиб яшайди. Рост гап. Хўш, нимани кутади?
Тақдир қийинчиликлардан иборат. Масалан, қандай қийинчилик? Кимдир яқин инсонидан айрилади. Кимдир қашшоқликда яшайди. Кимдир қарздан қутула олмайди. Кимдир фарзандсизликдан ғам чекади. Кимдир Ватандан олисда. Кимдир туҳматга учрайди. Кимдир ноҳақликдан озурда. Кимдир очликдан, кимдир ташналикдан азобда. Кимдир ёлғизликдан изтиробда. Кимдир орзулари ушалмаганидан, яна кимдир ҳурмат кўрмаётганидан, кимдир илми камлигидан, кимдир ойлиги камлигидан нолийди.
Ҳар биримиз бир муддат ўтгач, ҳаммаси яхши бўлади деймиз. Ҳатто, шундай ҳам бўлади. Дейлик, ўзингизга ғамхўр топдингиз, Худо катта бойлик берди, кўзни қувнатадиган фарзанд кўрдингиз, Ватан бағрига қайтдингиз, туҳмат булутлари ариди, ҳақ қарор топди, очлик ва ташналик босилди, орзулар ушалди, ҳурматингиз ошди, илмингиз кўпайди, ойликка барака кирди...
Кейин нима бўлади?
Кейин... синовларнинг каттаси бошланади.
Аввал пул кам эди – нафсимизга эътибор бермасдик. Пул кўпайди – гуноҳларга эшиклар очилди.
Аввал ерда ухлардик, кам ухлардик, энди юмшоқ ўриндамиз – ғафлатда қоляпмиз.
Аввал биро назарга илмасди, мунғайибгина юрардик, энди ҳамма эгилиб турибди – кибрга енгилдик.
Бефарзандликда Худога кўпроқ ёлворардик, ҳар куни, ҳар лаҳза Худонинг ёди билан эдик, энди боламизни эркалаб, тарбиялаш машаққатига дучормиз.
Илм кам эди – шайтон ҳам Сиз билан қизиқмасди. Олим бўлдингиз- шайтон билан катта жанг бошланди.
Ва ҳоказо.
Демак, синов ортидан синов. Имтиҳон тугаб, янги имтиҳон. Ҳаёт имтиҳонлардан иборат экан. Ҳикмати шуки, имтиҳонлар алмашиб туради. Унисидан бунисига ўтиб юраверамиз. Бир имтиҳонда узоқ қолсак, зерикиб қоламиз. Аммо, хайриятки, янгиси тайёр турган бўлади.
Олган баҳоларингизни ҳали билолмайсиз. Ҳеч ким билмайди. Кундаликлар тўляпти, аммо баҳоларни кўрмасдан, уни тасдиқлаб кетмоқдамиз. Шундай: ҳаёт ҳаракатдан, фақатгин олға интилишдан иборат. Умидсизликка чўккан кунимиз ҳаёт тўхтайди. Умид ва ишонч билан илгари юришимиз керак. Яратган Зотга илтижоларимиз тўхтамасин. Шунчалик шовқинлар ичида Унга ёлвориб турганимиз, Ундан умид узмаганимиз эртага муҳаббатимиз учун далил бўлади.

Имтиҳонлардан “аъло” баҳолар билан ўтишни, АЛЛОҲим, Сенга таслим бандаларингга насиб эт!

Акром МАЛИК 

Sunday 29 March 2015

КАЛИТ (Ҳикоя)


Таксидан тушар экан Ҳабибуллоҳ йўл ҳақини тўлаб бўлгач, чўнтагига қўл солдию, юраги “шув” этди: уйининг калити қани?
“Э Худо, калитим қаерда қолди экан?”
Шошиб костюмининг ҳамма ёғини ағдар-тўнтар қилди, хамёнини титкилади: учта минг сўмлик мунғайиб турибдию, калит йўқ.
“Калитни қаерда қолдирдим? Бугун қаерларда бўлдим? Университетда... Маърузалар... Хўш...  Кутубхонага... Кейин талабалар ётоқхонасига бордим. Ётоқхонадаги маънавият хонасида ўтирдим. Ҳа! Ўшанда чўнтагимдан калитни олиб ўйнаб ўтирдим, хаёл билан қолдириб чиқибман!”
Шундай ўйлашга ўйладию, яна кўнглига ғулғула кирди: “Балки ётоқхонада қолмагандир? Кўча-кўйда тушиб қолган бўлса-я? Эҳ, шу калитнинг шеригини ясатиб қўймаган эканман-да!”
Негадир жаҳли чиқиб кетди. Кимгадир бақиргиси, ниманидир тепгиси келиб кетди.
“Ўзинг кечир, Худойим... Нега калитни унутдим экан-а? Бугун дарсда анчагина такаббурлик қилдим. Ҳаммани лол қолдирганимдан хурсанд бўлгандим. Шунга, Худойим, бандамнинг нафсини синдирай деб калитимни унуттирдингми?”
Ҳаво совуб борарди. Аввалига унча сезилмаётган изғирин Ҳабибуллоҳнинг суякларига ҳам кирди. Бирдан хўрлиги келиб кетди: “Нима қиламан? Ётоқхонадаги қайси курсдошимга қўнғироқ қилсам экан? Азаматга боғлансамми? Телефоним ҳам қарзга кириб ётибди... Текин хабарлар ҳам тугаб бўлган...”
Шу топда Ҳабибуллоҳнинг ҳеч қаерга боргиса келмасди. Азабройи чарчаганидан уйга кириб, “таппа” ташлаб ухлайман деган катта иштиёғи бор эди.  Ўзини бутун оламда ёлғиз сезди.
“Калитни топишим керак...”
Ўзига ўзи шундай дер эдию, аммо кўнгли хотиржам эди. Қайсидир туйғу билан калит талабалар ётоқхонасида қолганига, ўша ерда қоровулнинг қўлида турганига шубҳа қилмас эди.
“Хўш... автобусга чиқиб, метрога қадар етиб бораман... Кейин метродан талабалар ётоқхонасига... Калитни олдим дейлик... Яна метрога минг сўм... Аммо уйимга қадар яна битта транспорт керак. Пулим тугаб қоляптию... Ҳаво изиллаб боряпти. Пиёда келаман десам, бир соат  йўл босишим керак. Шамоллаб қоламан-ку...”
Узоқдан чироқ кўринди: улов! Тўхтатди.
...Метро тепасидаги дўконлардан бирига кирди. Сотувчи табассум билан келинг деди.
–Акажон, узр... Телефонингиздан фойдалансам бўладими? Ўзимда чиқиш имкони йўқ эди...
Сотувчи Ҳабибуллоҳга ҳайрон қаради, юзидаги табассум ўринини қандайдир менсимаслик ифодаси эгаллади, кейин унинг костюм-шими, бўйинбоғига синчиклаб назар солди-да: “Майли”, – деб телефонини узатди.
Ҳабибуллоҳ курсдошлари ичида ишонгани – Азаматнинг рақамини терди. Ҳадеганда жавоб бўлмади. Ниҳоят уйқусираган товуш келди:
–Ало...
–Ассалому алайкум, Азамат...
–Салом...
–Кечиринг... Калитим...
–Ҳа... маънавият хонасида қолиб кетибди. Ҳозир қоровулда.
–Азамат, метродан боряпман... Метрога олиб кела олмайсизми? Мен чиқиб ўтирмасдим, малол келмаса агар... – Ҳабибуллоҳ пулим кам, метродан чиқсам кейин қайтишимга қолмайди дея олмади. У ёқдан овоз келди:
–Ммм... малол келади-да...
Ҳабибуллоҳни ток ургандек бўлди:
–Хўп, хўп.. Раҳмат, Азамат, – телефонни сотувчига узатди. – Ака, тўлови қанча бўлади?
“Беш юз сўм берсам бўлармикин? Ўзи икки минг сўмим қолган.. Метрода бориб олсам...”
–Йўқ, шарт эмас, – сотувчи шундай деб телефонни олиб стол устига қўйди.
–Раҳмат, ака, раҳмат.
Ташқарига чиққанида совуқнинг тиғи ўткирлашгани сезилди. Бу тиғ томирларигача қадалди.
...Метро.
“Азамат... Азамат... Калитни олиб келасан деб ўйлабман... Малол келади дедими... Нега метрога келтириб бер дедим ўзим... Авваллари ҳеч бир илтимосимни рад қилмаган-ку... Аллоҳим, ўзинг кечир мени... У менинг илтимосимни рад этгани учун ўзинг уни ёрлақа...”
...Калит, ҳайтовур, қоровулда экан. Афсуски, ётоқхонанинг биринчи қаватида қоровул аёлдан бўлак ҳеч ким кўринмади. Агар кўринса, Ҳабибуллоҳ қарз сўрамоқчи эди.
Кўчага чиқди. Соатига қаради: ҳув, кечки ўн бир бўляпти... Йўлда қатнов кам. Совуқ унинг бутун вужудини қамраб олди.
“Метрога борайми? Кейин пиёда борсам... икки ярим соат кетса керак... Югураман... Сал исирдим...”
Метродан чиқди.
Ўйлаб қўйганидек, югурди... Минг метрлар югургач, нафаси тиқилди, терламади ҳам, исимади ҳам. Ўзи бундан ҳайрон бўлди, чопишдан тўхтаб тез-тез юра бошлади. Тўсатдан хаёлига кечқурун машина тўхтатиб, “Ака, минг сўм пулим бор, фалон жойга обориб қўйинг”, – деган бир-икки йигит келди. Ўзи ҳам ўшаларнинг бирига айланиб қолганини ҳис қилди.
“Такси тўхтатайми... Агар йўқ деса-чи... Аллоҳим, бу ҳам Сенинг ҳикматинг...”
Қўл кўтарди. Бир улов тўхтади.
–Ассалому алайкум, ака. Қаерга юряпсиз?
Таксист ҳайрон бўлди, буюртмачи бундай савол бермайди-ку!  Ҳабибуллоҳ буни сезди, ўзи берган саволдан кулгиси келди.
–Қаерга юриш керак?
–Чилонзор, Ал-Хоразмий мавзеси. Ака, узр, аммо ёнимда минг сўм пулим бор...
Таксист ўйланиб турди, кейин бўлмайди, эшикни ёп дегандек ишора қилди.
Ҳабибуллоҳ пиёда йўлга тушди.
“Аллоҳим, ибодатларимни чин дилдан қилмаяпман. Одамларни ранжитяпман. Бу менга жазоми?”
Атроф жимжит. Зоғ кўринмайди. Ҳатто, тиқ этган товуш йўқ. Ҳабибуллоҳ ғингший бошлади. Бу худди чақалоқнинг сут сўраган пайтдаги йиғлашига ўхшарди.
“Аллоҳим... Бир ўзим қолдим-а... Ҳеч ким йўқ. Биров бир пулга олмайди. Қара, қандай харобман. Агар Сен ёрдам бермасанг, қанчалар бечораман... Бандангга раҳм қилмайсанми? Шунчалик бечораманки, ҳеч нарсам йўқ... Фақат Сен борсан. Сен бўлганингдан кейин менда нима ғам бўлиши керак? Кечир, осийлик қилиб адашдим...”
Шунда Ҳабибуллоҳ кўчада қолиб кетишдан заррача хавфсирмаётганини сезди. Яна бир таксини тўхтатди. У ҳам минг сўмга рози бўлмади.
“Аллоҳим, менга тўхтамай ўтган икки таксистнинг ишига ривож бергин. Соғ қилгин. Муаммоларини ҳал қилгин. Фарзандларининг роҳатини кўргаз... Қандай ажойиб ҳикмат бу: энди мен ким ёрдамга муҳтож бўлса, унга ёрдам берганим бўлсин!”
Ҳабибуллоҳнинг қалби жўш урди. У ҳозироқ ким муҳтож бўлса, ўшанга бор имкони билан кўмаклашгиси, оғирини енгил қилгиси келарди. Яна икки улов уни рад этди. Совуқ кучайса-да, у йўлида пиёда давом этди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Навбатдаги уловни тўхтатиб, ҳайдовчининг юзига қаради: истарали. “Ҳа, бу рози бўлади!”
...Уловга ўтиргач, танасига иссиқ кириб, жони ҳузур қилди. Димоғига машина ичига ўрнашган тер ҳиди урилди. Аммо у бундан жирканмади. Юзлари офтобдан қорайган, қўллари ёрилган ҳайдовчига кўзининг қири билан назар солди:
“Аллоҳим, бунга шундай катта мукофот бергинки, унинг баҳосини ҳеч ким билмасин. Унга нима яхши бўлса, ўша яхшиликнинг ҳаммасини бер!”
Қалбидан шундай дуони ўтказиб, костюмининг кўкрак чўнтагиги солиб қўйган калитини ушлаб-ушлаб қўйиб, хотиржам тортди.

 Акром МАЛИК
29.03.15

Saturday 28 March 2015

БЛОГЕРЛАР ЧЕМПИОНАТИ ҲАҚИҚАТЛАРИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР




Дастлаб Ўзбекистон телевидениесидан бериб бориладиган “Заковат” интеллектуал ўйинларида ўз заковати билан танилган, 2014 йилги депутатлик сайловида ўз номзоди билан иштирок этган Хушнудбек Худойбердиевнинг ташкилотчилиги остида бўлиб ўтаётган “Ўзбек блогерлари чемпионати” қизғин паллага кирмоқда. Танлов учун юборилган материаллар юз элликка яқинлаб қолган. Қатнашчилар мингта, ўн мингта бўлиб кетишини тилаймиз. Яхши ишнинг оммалашгани яхши.
Ушбу танлов ҳақида ижтимоий тармоқларда қизғин баҳслар авж олган. Танловни танқид қилиб, ўзлари қатнашиб юрганлар ҳам бор. Танловни танқид қилиб, сайтини синчиклаб, қизиқиб ўқиб бораётганлар ҳам бор. Бу шуни кўрсатадики, танлов жамоатчилик диққатини ўзига тортмоқда. Одамларни бир жойга тўпланишларига имкон яратди.
Танлов учун қўйилган мукофот миқдор ўн миллион сўмни ташкил қилади. Бу эса ўз-ўзидан ижодга майли бўлган, фикрлари тиниқ бўлган одамларни танлов сари етаклаб келади. Кимлар учундир ўн миллион сўм пул кўпдек кўринади. Шунча пулни тикиб қандай фойда бор деб ўйлайдиганлар ҳам талайгина. Аммо ишонч билан айта олама, танловнинг моддий рағбати юз миллион сўм бўлса ҳам арзийди. Чунки топилаётган фойдани моддий ўлчамга солиб бўлмайди. Келинг, сўзларимга диққат билан қулоқ тутинг ва “фикрларимни ақлингиз тарозусида тортиб кўринг” (ибн Сино).
1.       Танловда ўзбек тилида ижод қилаётган ақлли, ҳушли, уйғоқ ва бедор ёшлар иштирок этмоқдалар. Уларнинг баъзилари Ватанимизда, баъзилари хорижда.
2. Танлов учун бериладиган материалларнинг мавзуси ва ҳажми чекланмаган.
3.       Танловда эркинлик руҳи устун.
4. Эълон қилинаётган ишлар орасида кескин ва танқидий кайфиятдаги материаллар ҳам анчагина.
5.    Танлов баҳона ижодкор ёшлар бир-бирини топиб дўстлашиб оляпти.
6.  Танлов материаллари хусусида бемалол фикр билдириш учун шароит яратиб қўйилган.

Хўш, бу саналган факторлар бизга нимани беради?
Танлов материалларини диққат билан ўқиб қуйидаги ахборотларга эга бўлиш мумкин:
1.                Ўзбек ёшларининг бугунги савияси, уларнинг хоҳиш ва истаклари барча мақолаларда бир қадар аён бўлган. Демак, эртага жамиятимизнинг етакчи кучларига айланадиган шахсларнинг ким экани, уларнинг қандай маънавий ва ақлий қудратга эгалиги ҳақида ахборот оласиз.
2.                Мақолаларда ўз онам тилимизни ва унинг қоидалариНИ қанчалик яхши билишимиз акс этиб турибди. Демак, ҳозирги ёшларнинг саводхонлик даражаси ҳақида муҳим ахборот тайёр. Бунинг учун 1-август кунидаги тест синовларининг натижаларига термилиб ўтириш шарт эмас.
3.                Энг фаол ва билимдон ўзбек ёшларининг психологияси танловда намоён. Масалан, бирор яхши мақолага пастроқ балл қўйилди, хўш, ёшларда қандай реакция бор? Агар уларнинг ҳаммаси бу ноҳақлик деб шовқин кўтарса, демак, ҳа, ўзбек миллатига муносиб авлод улғаймоқда, улар учун ҳақиқат муҳим, бу ёшларни енгиб бўлмайди деб хулоса қилса бўлади. Аммо аксинча, эътибор ҳам бермаса, киши билмас бир-бирига ҳасад қилиб турса, демак, буларни бир зарба билан тум-тарақай қилса бўларкан деб ўйлаш ҳам мумкин. Чунки улар фақат ўзини ўйлаяпти-да.
4.                Танловда қатнашчиларининг ёшлари ҳар хил. Бу қуйидаги саволга жавоб топиш учун имконият беради: “Ўзбек ёшлари неча ёшдан бошлаб мустақил фикр юритмоқда?”  
5.                Танловда мавзулар борасида чеклов йўқ. Демак, қуйидаги масалага бир қадар аниқ ечим бор: “Ўзбек ёшларини қайси муаммо, қайси масалалар қизиқтирар экан? Оддий маиший гап-сўзларми ёки ижтимоий, умумаҳамиятга молик муаммоларми? Агар юқори даражадаги масалалар билан қизиқишаётган бўлса, демак, бу ёшлар интеллект жиҳатдан юқори!”
6.                Танловда иштирок этаётганлар ичида ҳақиқатан адабиёт йўлидан борадиган кимлар бор экан? Буни аниқлаш осон – ким ёзиш услуби ва сўз қўлланиши билан назарга тушса, шу йигит-қизлар келажакда шоир ёки ёзувчи бўлашади ёки журналист. Уларнинг позицияларини яхшилаб билиб олган маъқул. Эртага муомалада жуда асқотади.
7.                Танлов материлларини ўқиб, яна шуни билиб олса бўлади: “Ўзбек ёшларига ҳозир нима ёқади ва нималар ёқмайди?” Демак, бу саволнинг жавоби эртага бу ёшларга бирор масалада мурожаат қилинса, қайси жиҳатдан ёндашиш мумкинлиги ҳақидаги ахборотни беради.
8.                Танлов анъанавий тарзда ўтказиб борилса ва унда ҳамиша ёшларимиз фаол бўлишса, уларнинг онгида бўлаётган ўзгаришларнинг тадрижи намоён бўлади: “Ўзбек ёшлари икки йил аввал бу масалада қандай фикрда, ҳозир эса қандай хулосада? Ўсиш борми, йўқ?”
Нима деб ўйлайсиз, шундай қилса бўладими? Ишонмасангиз, танловдаги ҳамма материалларни тўплаб, ўқиб, солиштириб, қиёслаб чиқинг-чи, шу масалаларни ҳал қилса бўлармикин? Шу жиҳатдан олсак, танловнинг биринчи босқичи энг аҳамиятли босқичдир. Қолаверса, камина бошқа жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтирмадим. Қолгани ҳақида ўзингиз ўйлаб кўринг.  Шунингдек, ушбу танловнинг хориждаги таҳлилчилар ҳам кузатиб ўтиришган бўлса, сира ҳам ажбаланмайман. Майли, бизнинг мақолаларимизни ўқийверсинлар. Ёшларимизнинг кучу-салоҳиятини кўриб, эҳтиёткорроқ бўлиб ҳаракат қилсинлар. Зотан, фейсбукдаги дўстимиз Муҳаммад Абдуллоҳ таъбири билан айтганда, “Бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлсанг, ёзган блогларимизга (ёки постларимизга) қара!” J
Танловнинг моддий рағбати ўн миллион сўм. Кўпми ёки оз?! Ҳозирги шароитда шунча ахборотни ўн миллион сўмга топиш мумкинми, ахир?

Акром МАЛИК