Friday 29 May 2015

ЎЗБЕК БЛОГПОСТИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?



Ўзбек блоги – Ўзбекистоннинг ватанпарвар ва уйғоқ фарзандлари минбари


2015 йилнинг 28 май куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес марказида бўлиб ўтган тадбир – “Ўзбек блогерлари чемпионатининг 2-мавсум тақдирлаш маросими” каминада жуда катта таассурот қолдирди.
Ўйланиб қолдим. Хаёлимга бир гаплар келди... Одатда, қолип яхши эмас, аммо ўзбек блогларининг бажариши лозим бўлган функциялари ҳақида гапиргим келди. Тадбирда шу ҳақда нималардир дедим. Энди ўша фикрларимни тартиб билан айтсам:
1.                Ўзбек блогпости шовқин-сурон кўтариш, шов-шув билан шуҳрат қозониш мақсади билан яшамайди, у инсонлар дунёқарашини бойитиш учун хизмат қилади.
2.                Ўзбек блогпостида чинакам ўзбекона руҳ, миллий қиёфа, миллий фалсафа бўлиши лозим. Масалан, ҳажвий, танқидий, информацион – фарқи йўқ қайси йўналишда – асосийси, блогпостнинг қайсидир нуқтасида ўзбекона колорит бўлиши лозим. Колорит жумла тузишда, хулоса чиқаришда, ўзбек мақолларини қўллашда, безакда, умуман, исталган нуқтада намоён бўлиши мумкин.
3.                Ўзбек блогпостида ҳозирги куннинг энг долзарб муаммоси нишонга олиниши даркор. Ва у муаммо, албатта, бизнинг жамият ҳаётига алоқадор бўлиши айни мақсадга мувофиқ. Муаммони кўрсатиб, унга аниқ ечим тавсия этилса, нур устига нур бўлади.
4.                Ўзбек блогпости холис, ростгўй ва фидойи бўлиши шарт. Тарафкашлик, жанжалкашлик, ўзаро нифоқ уйғотмасин. Иложи борича, соф дўстона кайфият об-ҳавосини ҳис эта олайлик. Танқид қилишда, баҳолашда виждон билан ёндашганга нима етсин!
5.                Ўзбек блогпости ўзбек адабий тили қоидалари учун курашсин. Керак бўлса, ўзбек адабий тили қоидаларининг амалиёти учун саҳиҳ манбага айлансин! Ўзбек адабий тили меъёрлари бузилса, албатта, ўша блогпост “аёвсиз” ўққа тутилсин, токи бу “гуноҳ” учун “жазо” борлигини кўрайлик.
6.                Ўзбек блогпости замон билан ҳамнафас экани унга бир фазилатдир. Унда сўнгги муҳим янгиликлар учун холис муносабатлар акс этсин.
7.                Ўзбек блогпости Ватанни севишга, инсонни қадрлашга ўргатсин. Унга юксак одоб, чуқур билим ва ҳалоллик безак бўлсин.
Блогпост юритувчиларнинг моддий ҳолати эса астойдил меҳнат билан боғлиқ.
Каминада шундай фикрлар. Сиз нима дейсиз? Бошқа мезонларни ўйлаб кўриш керакдир? Ёки мезон керак эмас деган қарашлар ҳам мавжудми?


Tuesday 14 April 2015

ТАБИАТ ВА ИНСОН ҚАЛБИ: боғланиш ва узилиш


Инсон истайдими, йўқми – табиат билан бир тану вужуд ҳисобланади. Инсон табиат билан ҳам қалбан, ҳам жисман боғланган. Ҳатто, чирмаб, чандиб боғланган.
Табиатдаги ўзгаришлар, турли ҳодисалар инсоннинг ақлига, ҳиссиётига ва танасига кучли таъсир қилади. Масалан, чақмоқ чақса қўрқиб кетасиз; илиқ ёмғир ёғса қалбингизда романтик кайфият уйғонади; зизила, сув тошқини ёхуд бўрон бўлса, даҳшат ичида қоласиз; осмондаги булут тарқамай тураверса, юрак сиқилиб кетади. Табиат ва руҳият бунчалик бир-бирига сирдош бўлмаса!
Аслини олиб қараганда, инсон жисми табиат тилини тушунмайди.
Келинг, таҳлил қиламиз.
Инсон фаровон яшашни истади. Тоғларни портлатди – тилла олди. Ерни ўйди – нефтни ичди. Океанга кирди – уни заҳарлади. Ўрмонни кесди – ҳавони “ўлдирди”. Ҳайвонларни қирди, қушларни отди, балиқларни қовурди – хуллас, вужуди ором олиши учун табиатнинг доду фарёдини эшитмади.
Аммо инсон қалби табиат тилини тушунади. Табиатнинг жони оғриганини ҳис қилади. Инсон қалби ва руҳи билан ёлғиз қолганида табиат бағрига чиқиб кетгиси келади.
Қизиқ ҳақиқат: инсон нафсига қул бўлгани сайин табиатни ҳалок қилади. Инсон руҳоний жиҳатдан юксалгани сайин табиатни асраб-авайлайди.
Жисм истаги билан табиатга зарба берган инсоннинг жисми бугун озурда.
Энди у тоза қалб билангина табиатни қутқариши мумкин.
Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ деган жойни биласиз. Ўша Қўйлиқдаги кўприк устидан ўтиб борсангиз, Бектемир тумани келади. Ундан ҳам ўтасиз. Қумовул, Қорасув, Тўйтепа ва Пискент.
Тўйтепадан кейин Биргалик, Ўртабўз деган қишлоқлар бор. Шу қишлоқлар тугаб, катта дарёга дуч келасиз. Бу аслида Оҳангарон дарёсининг бир ирмоғи...
Дарёнинг тошадиган ва қуриб қоладиган мавсуми бор. Шу дарёнинг қуйилиши – Тошкент денгизида.
Сиз то Пискент шаҳрига кириб боргунча дарёнинг устидан солинган кўпирикдан ва камида икки-уч километр келадиган йўлдан ўтасиз. Шунда икки тарафдаги қамишзор ва дарахтзорни кўрасиз. Ўртада йўл: икки ёғи ёввойи табиат.
Аммо айни пайтда ёввойи табиат “ёвош” тортиб қолган. Чунки дарахтлар қуриб, кесилган. Қамишлар камайган. Дарёнинг соҳили – шағал. Чим. Қум. Қачон қарама, катта машиналар шағалга, қумга ёки чимга тўлдирилаётган бўлади.
Пискентга борар эканман, ҳар доим шу жойдан ўтаётиб руҳимга енгиллик киради. Ўзимни жуда яхши ҳис қиламан. Аммо охирги сафар ташвишга тушиб қолдим: дарахтлар камайиб, қамишлар йўқолиб кетяпти. Эртага нима бўлади? Ёши катталар йўл ва кўприк тушмасидан аввал, бу ер  чинакам ўрмон бўлгани ҳақида айтишади. Ёввойи ҳайвонлар ўйноқлаб юрган. Бу – ҳақиқат.
Лекин ҳозир ғариблашгандан ғариблашяпти. Нима қилиш керак?
Камина ўйладики, дарахт экиш керак. Ўзимизнинг соф ўзбекона дарахтларни экиб ташлаш керак. Балки терак, балки қайрағоч ёки умуман бошқа турдагисини...
Ана шундай бу жой сал “ўзига келса керак...”
Камина кичкина одамман. Билмадим, бу гапимга ким қулоқ осади?
Лекин қулоқларини “осишмаса” ҳам, катта одамлар бу ҳақда бир ўйлаб кўришса бўларди...

Очиғи, болалигим ва ўсмирлигим излари қолган бу макондан ўзига хос табиий файз, тароват кетиб қолиши менга алам қиляпти...

Акром МАЛИК

Sunday 12 April 2015

5-боб Яхши одам бўламизми?



Ўйлаб боқсам, каминага ўз кўнглида яхшилик қилган одамлар кўп экан. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам китобга кирита олиш имконсиз. Бу варақ етмаслиги ёки сўз камлигидан эмас, гап мутлақо бошқа ёқда...
Тасаввур қилинг, бир киши ёрдамга ўта муҳтож эди, сиз унга катта миқдорда пул бериб, хурсанд қилдингиз. Бечора одам қайта-қайта букилиб: “Раҳмат, раҳмат!” – дейди. Сиз эса унинг раҳматларини эшитиб эриб кетасиз: “Худо йўлига... Савоб бўлар...”
Кейин қаерда ким кўринса, ўшанга бу ҳақда айтиб, Худо йўлига деб таъкидлаб қўясиз.
Вақт ўтади. Банда – банда-да. Сиз яхшилик қилган одам хато қилиб сизга озор берди. Энди нима дейсиз?
“Вой, нонкўр! Мен унга шунча яхшилик қилсам-а... Унга фалон, фалон, фалон ёрдамларни берганман. Ҳеч ким назарига илмаган бир пайтда мана бундоқ қилганман! Энди эса... юзимга оёқ қўйди...”
Шунга ўхшаган гаплар оғиздан чиқади. Бу – дунёдаги энг чиркин гаплардир. Бу чиркин гаплар сизнинг қилган “яхшилигингиз” қийматини нольга тенглаштиради. У ҳам камдек, минусга қараб юради, яъни гуноҳлар ёзилади.
Аслида, Худо йўлига деб тиржайиб турганимизда ҳам ичимизда ундай ўйламаймиз, гоҳо...
Аслида, савоб бўлар десак-да, қалбимиз кибр ҳиссидан маст бўлади. Чунки айтилаётган раҳматдан бир хурсанд бўлсак, бир куни бу яхшилигим эвазига нимадир билан жавоб беради деб бир мамнун бўламиз. Яхшиликка яхшилик қайтиши шубҳасиз, аммо бу қайтадиган яхшиликни банданинг ўзидан талаб қилиш яхшилик эмас. Яхшилик деган нарса Худо йўлига қилинган экан, уни унутиш зарур. Эсдан чиқариш зарур. Мана шу соф ва самимий яхшилик бўлади.
Хаёлан: “Мен фалончи фалон пайтда қийналиб қолганида, қўллаб юборганман...” – деб ўйлаб юрамиз. Уни ўзимизнинг олдимизда қарздор санаймиз. Шу ҳам яхшилик бўлдими?
Устоз Тоҳир Малик: “Дилда бўлмаса, тилга чиқмайди”, – деган эди. Яъни дилингда бўлмаган гап тилингга чиқмайди. Агар сиз ҳазил маъносида ҳам ўзингиз қилган хайрли ишни эътироф этсангиз, уни эслатсангиз, демак, дилда бемалол бу иш билан фахрланасиз.
Аммо ўша “хайрли” иш дунёни ўзгартириб юбордими?
Аммо ўша “хайрли” инсоният ҳаётида бурилиш бўлдими?
Нари борса, бир кишиги бир сўм бергансиз ёки шу каби... Барпо қилган гуноҳ тоғларимиз олдида бу “хайр”нинг қиймати қанча экан ўзи?
Улуғ одамнинг бағри кенг бўлади. У майда хаёлларга ўралашмайди. У коинотни, оламнинг чексизлигини кўради. Амалга ошираётган хайрли амаллари унинг учун чумоли изичалик ҳам кўринмайди. Шунинг учун яхшиликда бардавом бўлади.
Чинакам яхши одам – улуғ одамдир. Унинг нонкўрлар билан иши йўқ. Унинг мақтовларга ҳуши йўқ. Ўз қилган яхшиликни кўрсатадиган туши йўқ. У ўзини унутган, Ҳақ йўлида самимийликни тутган. Хизматга туҳмат кўрса ҳам, миннат сўзларини тилига яқин йўлатмайди.

Нима деб ўйлайсиз, росмана яхши одам бўламизми? Ҳаракат қилиб кўрайлик-чи...

4-боб Қатъият ва шижоат дарслари



Ёзнинг иссиқ куни.
Олма боққа бордик. Ўн-ўн бешта ўсмир ўртоқлар боғни тўлдириб юборди. Ҳамма олма теришга тушиб кетган.
Олма еявериб, тишлар қамашиб кетди.
Олма боғнинг тугаш жойида катта сув оқади. Агар режадаги олма терилса, бас, чўмилишга!
Туш пайти. Боғ четидаги супага йиғилиб ўтирдик. Бизга Халилуллоҳ ака – падари бузрукворимнинг энг яқин дўсти – бош. Боғ бўйлаб айланиб, эринмасдан ишни назорат қилиб юрди.
Тушлик бизнинг уйдан келиши зарур эди, негадир, кечикди. Эрталаб кўтариб келган нонларимизни ушатдик.
Халилуллоҳ акани ҳам худди Ҳабибуллоҳ акани танигандек танийман. Қизиқ ҳақиқат: бу икки инсон болаликдан дўст бўлишган. Ҳабибуллоҳ аканинг очиқкўнгил ва виждонли эканини билган Ҳожи бобо – Халилуллоҳ аканинг дадаси – “Ҳабибуллоҳ учун эшигим йигирма тўрт соат очиқ, уйимнинг тўри уники!” – деб лутф қилган. Ҳолбуки, Ҳожи бобонинг бундай лутфига ҳамма ҳам муносиб кўрилмаган.
Халилуллоҳ ака ҳам, Ҳабибуллоҳ ака ҳам жуда ўқимишли. Яна бир қизиқ ҳақиқат шуки, Ҳабибуллоҳ ака қанчалик босиқ ҳамда вазмин бўлса, Халилуллоҳ ака шунчалик қизиққон ва “ёнувчан” одам. Аммо уларни бирлаштириб турадиган жиҳатлар кўп: имон ва эътиқод, ибодат, ҳалоллик, дўстона меҳр, чуқур ҳурмат, теран илм ва ўткир тафаккур. Бу икки дўстнинг тафаккур қамрови жуда кенг бўлиб, суҳбатлари дилбар эди.
Назаримда, Ҳабибуллоҳ ака ҳаёт эканларида улар деярли ҳар куни суҳбатлашишарди. Кўпинча, Ҳабибуллоҳ аканига борсам, Халилуллоҳ акани кўрардим ёки аксинча... Бизникига ҳам иккаловлари меҳмон бўлиб кириб келишарди.
Халилуллоҳ аканинг ўғли Мираъзам билан синфдош бўлдик. Ҳабибуллоҳ аканинг ўғли Ислом билан эса ака-ука. Қисқаси, бу икки ажойиб инсон каминанинг айнан шаклланиб келаётган давримда – ўсмирлигимда падари бузрукворимнинг дўстлари сифатида ҳамдам ва маънавий суянч бўлишди.
Падари бузрукворимга улар мен ҳақимда айтиб туришарди. Ҳозир ҳам Халилуллоҳ ака шундай.
Хуллас, энди боққа қайтсак.
Халилуллоҳ ака ҳаммамизни йиғиб олиб, турли ривоятлар айтиб берди. Биз маза қилиб эшитдик. Бу ривоятларнинг бири “Сафед Булон” ва иккинчиси “Тавба” деб номланарди. (Албатта, бу ўша ривоятларнинг мазмунидан келиб чиқиб, ўзим қўйиб олганман)
Ривоятларни тинглаб олгач, у ёқ бу ёқдан гаплашдик. Тушлик келди. Овқатланиб бўлиб, болалар чўмилишга кетишди. Уч-тўрт киши Халилуллоҳ аканинг ёнида қолдик. У кишини саволга кўмдик. Аммо Халилуллоҳ ака эринмай жавоб бериб ўтирди. Шунда бир яқин ўртоғим шикоят қилиб қолди:
–Дадам – ўқитувчи. Ҳамма синфларим нима бўлса, устознинг боласиман деб керилма деяверишади...
–Ҳа... – деди Халилуллоҳ ака қалин қошларини чимириб. – Сен уяласанми бундан?
–Уяламан...
–Уялма, – Халилуллоҳ ака шундай қатъий оҳангда гапирдики, ҳаммамиз сергак тортдик. – Оталар чинорга ўхшайди. Уларнинг сояси вафот этганидан сўнг ҳам узоқ йиллар фарзандни жазирамада куйишдан сақлайди. Ота шунинг учун ота-да. Боласи учун қайғуради, ҳаракат қилади. Агар сенга устознинг ўғли дейишса, бундан фахрлан. Нимага уяласан? Балки дадангга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қил. Кўрганлар отаси жуда маънили, боласи ҳам маънили бўлиб катта бўляпти дейишсин. Кимларнинг отаси йўқ, кимларнинг отаси ноқобил, сен эса маърифатли даданг билан фахрлансанг бўлмайдими?
Бу гап менга қаттиқ таъсир қилди.
Ўсмирлик – ўтиш даври эдими, гоҳ-гоҳида падари бузрукворимнинг даккиларини оғир олар эдим. Аммо шу ўгитдан кейин ўйлаб қолдим. Ва ўша ондан эътиборан отамнинг қалбини Халилуллоҳ ака айтган жумлалар билан таҳлил қилдим: “Оталар чинорга ўхшайди. Уларнинг сояси вафот этганидан сўнг ҳам узоқ йиллар фарзандни жазирамада куйишдан сақлайди. Ота шунинг учун ота-да. Боласи учун қайғуради, ҳаракат қилади”.
Оддий ҳақиқат бу. У киши айтгунга қадар китобларда ҳам ўқиганман. Аммо Халилуллоҳ ака айтган икки оғиз жумла менинг дунёқарашимни ўзгартириб юборди. Кейин билдим – Халилуллоҳ ака дадалари – Ҳожи бобонинг хизматида сўнгги нафасларигача қойим турган, ака-укаларидан кўпроқ у кишига меҳр-муҳаббат кўрсатган экан. Демак, у киши отанинг қадр-қимматини ўзи юрагидан ҳис қилган ва ўзи ҳам шунга яраша хизмат қилган.
Халилуллоҳ ака Ҳабибуллоҳ ака вафот этганда қаттиқ куйинди. Ташига чиқармади, аммо мен сездим.
У киши қизиққон ва таъсирчан. Шунга бўлса керак, ё бошқа сабаб – умуман тақдир-да – юрак хасталиги билан жарроҳлик столига ётди. Хорижлик жарроҳлар жуда қалтис ишни амалга оширишди – юракдаги томирлар алмаштирилди.
Халилуллоҳ ака тузалиб чиқди. Қалбида қолган умримни Аллоҳ йўлига бағишлайман деган қасд билан шифохонадан келди.
Масжидга ходим бўлди. Ихлос ва қунт билан барча хизматни адо этиб келяпти.
Халилуллоҳ аканинг менга қилган насиҳатлари кўп. Уларнинг ҳар бири фойдали. Мана, улардан бири:
“Акром, шошиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сокинлик инсон учун энг катта фазилатдир. Одамлар билан ихтилофга бориш эмас, иттифоққа келишиш керак. Сиз ўйлаётган фикр бошқада ҳам бўлиши табиий, шунинг учун хулоса қилишдан шошмаслик керак...”
Халилуллоҳ акадан шижоатни, қатъиятни ўргандим. Кўп гапирмасдан, тартибли ва қунт билан меҳнат қилиш сабоғини олдим. Атрофдаги майда-чуйда гап-сўзларга эътибор бермаслик намунасини кўрдим у кишида.

Халилуллоҳ ака – яхши одам. Камина бунга гувоҳлик бера оламан. У киши умрини ҳалоллик билан қурди, ҳалолликдан таълим берди ва ўз тажрибасини мендай бир чурвақа гўдак билан бўлишиб, каминга катта яхшиликлар қилди. У кишининг яхшилиги давом этяпти ва Аллоҳ унга янада кўп хайр берсин.

Thursday 9 April 2015

3-боб Катта ёшли дўстим



Унинг аҳволи оғирлашиб қолгани ҳақида эшитганимда ўн етти ёшга кираётган эдим. У оиламизнинг энг яқин дўстларидан бири бўлгани учун ақлимни танибманки, исмини эшитиб, ўзи билан учрашиб келганман.
Касби – ўқитувчи. Соҳаси – математика. Билими – ўта чуқур. Мактабда фаолият кўрсатса ҳам, олий математика ва фан янгиликларини теран англарди. Исталган олим билан бу соҳада баҳслаша оларди, фикр айта оларди.
Ибодатни канда қилмасди.
Ўта савлатли киши эди. Секин, шошмасдан, ўта босиқлик билан ҳаракат қиларди. Гапирганда дона-дона сўзларди. Хулоса қилишда кенг фикрларди. Назаримда, у киши ҳамма нарсани биларди.
Ўрис тилиси ўта мукаммал бўлиб, кутубхонасида жаҳон адабиётининг ўрис тилига таржима қилинган намуналари кўп эди. Велосипедни ўнг томондан минарди.
–Болалигимда ўрис мактабда ўқиганман. Сашка билан ўртоқ эдик. Велик минишни менга шу ўргатган. Ўзи чап томонга туриб, эгарга ўнг томондан чиқишимни талаб қиларди. Шу-шу ўнг томондан велосипед миннишга ўрганиб қолганман, – деб изоҳлаб берганди бир сафар.
Унинг ҳамма иши ўнг томондан эди.
Камина билан эринмай гаплашарди. Худди катта одам билан гаплашгандек. Ҳолбуки, қаршисида ўн беш ёшли чурвақа... Ўзининг жиддий муомаласи билан шу чурвақани улғайтириб қўярди.
Унинг гулдай ҳунари бор эди – қандолатпаз. Парварда, пашмак, ҳолва, нишонлда – хуллас, ширинликнинг, менимча, ҳамма турини муаммосиз тайёрлай биларди.
Ҳар бир айтган фикри ўз асосига эга бўларди. Айтаётган гапини нима учун айтяпти – у шуни яхши англарди.
Фамилияда ҳамма “..ов” ҳамда “овна” ёки “...вич”лаб қолган кезларда ҳам ўз шарифини “Мирзо” бўлиши учун курашган: Ҳабибуллоҳ Мирзо. Ўғли Ислом туғилганида гувоҳнома бераётган ходима ҳайрон бўпти:
–Мирзо? Что такое это? Мирзаев или... Мирзў?
–Мирзооо, – деб “о”га урғу берибди Ҳабибуллоҳ ака энсаси қотиб.
Миллат деган тушунчанинг моҳиятини Ҳабибуллоҳ ака менга тушунтирган. Керак бўлса, ҳис қилишимга сабаб бўлган миллат нима эканини.
–Ўзбеклигидан уяладиганлар бор. Ўрисча гапиради. Бу нима деган гап? Томиридан узилмоқчи бўлган кўчатга ўхшайди улар.
У кишидан математикани ўрганишга қарор қилдим. Озгина ўргандим. Аммо узоқ давом этмади. Насиб экан-да.
–Биз ота-боболаримиз ҳаётидан ҳеч нарсани билмаймиз. Уларни ўрганишга ҳам ҳаракат қилмаймиз. Тўғри, тарихда хатолар қилинган. Улардан хулоса чиқариб, яхшиликлардан ибрат олиб яшашимиз керак. Биз-чи? Ўрислар тарихини биламиз. Ғарбликларнинг тарихини биламиз. Ўшаларнинг даҳоларига ўхшагимиз келади. Ўзимизда йўқми шундай буюклар? Бор, исмларини биламизу, умуман танимаймиз, – дер эди Ҳабибуллоҳ ака.
У бировга ёмонлик қилиш, ҳасад қилиш деган нарсалардан бехабар ҳам бўлса керак.
Ҳабибуллоҳ ака мен учун хазина эди. Насиб қилганча ўша хазинадан улуш олдим. Кейин у вафот этди.
Ёши улуғ эди унинг – элликда ошган. Мен эса ўсмир, аниқроғи, ўсмирча. Аммо у киши Дўстим эди менинг. Дўст деганда Ҳабибуллоҳ акани тасаввур қилганман илк бор. У киши бундай ўйлаганми йўқми, билмайман, аммо мен билган Дўстларнинг энг садоқатли, содиқ, вафолиларидан эди у одам.
Узоқ ётмади. Икки ёки уч кунда жони узилди. Ётиб қолишидан бир кун олдин учрашгандим. Ёз эди.
–Кун жуда иссиқ, – деб табассум қилди у. – Беш маҳал намозга беш маҳал ғусл қиляпман.
Эртаси куни аҳволи оғирлашди. Аммо уни кўргани боролмадим. Чунки уни бемор ҳолида кўришдан қўрқдим.
Икки кун ўтиб вафот этди...
...Жанозасига ҳам боролмадим. Аммо тинимсиз у учун тиловат қилдим.

Ҳабибуллоҳ ака яхши одам эди. Умрини яхшиликка бағишлаган одам.

АКРОМ МАЛИК

Wednesday 8 April 2015

2-боб Муаллима



Мактабга борганимда ҳарф танимас эдим, албатта. Чунки “нулавўй” деган босқични кўрмаганман. Қолаверса, партани ҳам, доскани ҳам шу ерда илк бора кўрдим ва номларини билдим.
Устозимизнинг исмни иккинчи ёки учинчи синфда ўқиётиб эшитдим: Салимахон опа.
Биз у кишидан қаттиқ қўрқардик. Дарсни қаттиққўллик ва меҳр орасида ўтарди.
Ҳарфни танитди.
Ҳар дарсни байрам қилиб қўярди. Аълочиларга “лола” бериларди, партамизнинг усти “лолазор” бўларди.
Китоб ўқитарди, ўзи ҳам эртаклар ўқиб берарди. Синфимиз шкафида катта ва рангли китоблар турарди. Ҳамма бу китобларга суқланиб қарар, қўлга олиб кўргиси келарди, аммо устоздан рухсат йўқ: “Беш” баҳо олганларга китоб берилади!”
Ҳамма “беш” учун интиларди. Баҳолар қўйиларди, аммо китоблар ҳаммага тарқатиларди: “Майли, “тўрт”чиларни ва “уч”чиларни кечирамиз. Китобларни вақтинча ўқиб туринглар, кейинги сафар “беш” олмасанглар, китоб йўқ!”
Ёзувимиз чиройли бўлишини истарди устоз.
Равон ўқишимизни истарди устоз.
Энг асосийса, ахлоқимиз гўзал бўлишини истарди устоз.
Синфда ҳамма бир-бирини сизларди. “Сен”лашга қўймасди устоз. Бора-бора ҳамма бир-бирини сизлаб кетди. Кейин билдик: ҳеч қайси муаллим ёки муаллима бу тартибни ўрнатмас экан. Бизда қизлар ва ўғил болалар бир-бирига “Сиз” деб мурожаат қиларди. Тасаввур қилинг, саккиз-тўққиз ёшли болакайлар бир-бирига сизлаб гапириб турса, қандай гўзал!
Ўғил болаларнинг тилини қаттиқ назорат қиларди устоз.
Китобларимизни текширарди, тозалигимизга диққат билан қаради устоз.
Ота-оналаримиз мактабга келишмаса, ўзи уймизга келарди. Унга нима кераги бор эди шунинг? Тўрт йил ўқитди, холос, жон куйдиши шартмиди?
У йигирма уч ўқувчини болам деб билди. Керак бўлса, боламдан афзал деб билди. У бўйнимиз “йўғон торта бошлаган” пайт – тўртинчи синф эканимизда кўп такрорларди: “Менга Сизларнинг ўқишингиз эмас, билимингиз эмас, одобингиз керак! Билимингиз ота-онагизники, менга эса ахлоқингиз зарур!”
У худди шундай дер эди. Орадан йиллар ўтди, сувлар оқди. У каби ўз соҳасида билимдон ва ўқитиш услуби ўта қулай бўлган бошқа муаллималарни учратдим, аммо одоб масаласини ҳаёт-мамот каби юқори кўтарган бошқа педагогни кўрганим йўқ. Бу ҳақиқат.
Унинг айтган ўша гапларидаги маънодан ҳамон ҳайратдаман.
Чека бир шаҳарда, чека бир маҳаллада оддийгина яшайдиган аёл. Ҳатто, олий маълумот олмаган. Техникумда ўқиган. Мансаб ҳам кўрмаган. Ёзда далада деҳқончилик қиларди оиласи билан. Қўллари қаварган бўларди кўпинча. Либослари тоза ва ярашимли, лекин узоқ киярди. Аммо у айтган ўша жумла ҳамон унинг сиймоси олдида мени ҳайрат денгизига ғарқ қилади.
Ҳаётимда шу оддийгина аёл мен учун яхшиликнинг биринчи тимсолидир. Бу биринчилик, менимча, умрбод шундай қолса керак. Агар у шундай демаганида, агар у шундай ўқитмаганида, кўп нарсани англашдан кечикардим ёки бунга умуман эришмасмидим, валлоҳи аълам.

Биламан, у менинг арзимаган ютуқларимдан қувониб кетади. Гарчи ўзим арзимас одам бўлсам-да, қилаётган ишларимни бир тийинга сотиб олиб бўлмаса-да, унга кўрсатгим келади. Чунки унинг қувонишини, қалби шодликка тўлишини жуда-жуда истайман...

АКРОМ МАЛИК

1-боб Яхшилик нима? Ким яхши?


Агар менга яхшилик қилган ҳаммани яхши десам, яхшилик қилмаган одамларни ёмон десам, ғирт худбин эканим фош бўлиб қолади. Шунинг учун холис туриб, яхшилик ва яхши одам тушунчасига таъриф топиб олсам.
Биз кимни яхши деб ўйлаймиз?
Камтар одамларни.
Ҳалол одамларни.
Жонкуяр одамларни.
Ростгўй одамларни.
Кўнгли тоза одамларни.
Мард одамларни.
Самимий ва ширинсўз одамларни.
Чеҳраси кулиб турадиган нурли одамларни.
Албатта, имонли одамларни.
Ва ниҳоят бизга турли вазиятларда ёрдам берган одамларни.
Демак, яхши одам бўлиш учун қийин вазиятда ёрдамчи бўлиш шарт эмас. Табиий камтарлик, самимий ростгўйлик, чинакам ҳалоллик, мардлик яхшиликнинг мезонларидир.
Аммо барибир яхшиликнинг чўққиси – энг қийин вазиятларда фидойилик қилишда намоён бўлар экан. Агар оёққа миннат тошлар бойлаб олинмаган бўлса, бу чўққида қолиш мумкин. Аммо яхшилик миннат қилинса, “яхши” одам чўққидан тош каби қулайди ва лой каби парча-парча бўлиб кетади.
Яхшилик яхши нарса. Аммо у жуда нозик. Нақ қизғалдоқнинг ўзи. Агар яхшилик қилиб, ортидан уни эслаб юрсангиз, ҳаммасининг қиймати нольга тенглашади, тамом. Аммо яхшилик қилиб, уни табиий равишда унутиб юборсангиз, унинг қиймати шу қадар баланд бўладики! Уни ақл тасаввур қила олмайди.
Яхшиликнинг энг катта шарти – уни амалга ошириш, унутиш ва жавобини талаб қилмасликдадир.
“Фалончига яхшилик қилганман, илтимосимни рад қилмас”, –  деган ўй нимани билдиради?
Яхшиликнинг мукофотини Аллоҳ беради. Аммо Сиз  биз яхшиликка жавобни одамлардан кутсак, илоҳий мукофот эшикларига қулф осилади, тамом. Сизга қайси бири афзал – банданинг мукофотими ёки ягона Илоҳники?
Сизга қайси бири афзал – ўткинчи ва ўзингиз каби ожиз инсоннинг мукофотими ёки оламларнинг Эгаси бўлган Аллоҳники?
Афсуски, биз Илоҳий Ваъдаги ишонмаган одамдек мукофотнинг нақдини бу дунёда олақолай деб унвонга қараб чопамиз, мақтов излаб оламларнинг оғзига суяк кутган кучукдек мўлтираб қараб ўтирамиз.
Узр-а, гапларим Сизга оғир ботмасин, ҳар хил кучук-пучук деган истиора ва ташбиҳлар...
Ҳа, ақлли гапларда давом этамиз.
“Яхшилик қил – дарёга от. Балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади”.
Шу мақол ҳақида тафаккур қиламиз.
Дарё – бу ҳаёт. Яхшилик қилиб дарёга отиш – яхшилик қилиб, унутиш дегани. Балиқ – одамлар. Демак, яхшилигингни одамлар билади. У ер, бу ерда, масалан, тўй, маърака, жуда борса, телевидение, газет, журнал ва менга ўхшаб китобларда айтади, яъни билади. Аммо шундай қилмаса, хафа бўлма, Холиқ – Худо, Яратган билади.
Халқ билиб айтган.
Бу китобда инсофли “балиқ” бўлиб, ўзимга қилинган яхшиликларни эслаб ўтсам. Ва яхшилар одамларни ёдга олсам. Уларнинг исмини келтирсам, улар учун дуо қилсам, Сиз ҳам дуо қилсангиз. Зотан, мақсад шу.
Мен учун дунёдаги энг яхши одам – отам, онам. Ҳамма учун ҳам ўз ота-онаси шундай бўлса керак, албатта. Ақлимни таниганимдан буён бу икки мушфиқ инсоннинг ёмонлигини кўрмадим.
Бировга чоҳ қазимади улар.
Ўғирлик қил демади улар.
Ўзгаларни айбламади улар.
Ҳаромдан ҳазар қилди улар.
Ҳалол яшайлик деб бир бурда нонга ҳам қаноат қилди улар.
Маломатларга ҳам чидади улар.
Бизнинг, биз қулоқсиз ва инсофсиз болаларнинг жабру-зулмига ҳам тоқат қилди улар.
Шу икки муштипар зотнинг дуоси билан бўлса керак, шу икки меҳри дарё инсоннинг суяб тургани учун бўлса керак, шу икки азиз мусулмоннинг яхшиликлари туфайли бўлса керак, йўлим доим яхшиларга тўла. Мен кўрган яхшиликларнинг чеки йўқ, чегараси йўқ. Гуноҳларга бир қадам қолганда улар туфайли нажот топдим. Қалбим ғамга тўлганда улар туфайли қувончга кўтарилдим. Хатолар денгизига чўкканимда улар туфайли қутулдим.
Шу ёшгача кўрган эзгуликларим умрбод шукур билан, Аллоҳга ҳамд айтиш билан яшашга кифоя қилади.
Шу йигирма беш йил ичида менга қилинган яхшиликлар умрбод бошқаларга яхшилик қилиш учун етарли қарздир.
Шу чорак асрлик ҳаётда билдирилган лутфу-карам қолган умримда ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик чегарасида туришим учун етарли куч-қувватдир.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни адаштирмасин! У ҳаммамизга раҳм қилсин!

АКРОМ МАЛИК