Saturday 21 February 2015

ШАРНИНГ ПАРВОЗИ ҲАҚИДА ЭРТАК (Ўқиш ва ишониш шарт бўлмаган ҳикоя)




1
“Алкаш рассом кеча ёққан жалада ариққа думалаб ўлиб қопти!”
Шу гап бутун мамлакатга ғувиллаб тарқалиб кетмади. Чунки рассомни кўчадаги итлар танишарди, холос. Чунки у азбаройи кўп ичгани, устига устак, эгнидан красканинг ҳиди муттасил буруқсиб тургани учун итларнинг хотирасида қолган эди.
Бир неча йил илгари “Сўтак! Краскангга ботиб ўтировур!” – деб ташлаб кетган хотини бирдан меросни эслаб қолди. Ҳарқалай, иш судга довур бормаган, эр-хотин деб ёзилган қоғозлари бус-бутун. Алкашдан бир хоналик хароба квартира қолган бўлиши керак (сотиб ичиб юбормаган бўлса, албатта!) – бир хабар олиб кўрса, ундан нима кетди. Шу кулбани бир-икки сўм ташлаб дакимент-пакинмент, бало-баттар қилиб номига расмийлаштириб олса, тузуккина пул топишга ёрдам берарди.
Шу хаёллар билан келган хотин эрининг кулбаси обод бўлиб қолганидан таажжуб қилди. Юзига мотамсаро тус бериб, сал букчайди. Рўмолчасини қўлига олиб, азахонага юрди. Подъезд олдида белбоғли бир-икки киши шивирлашиб ўтирар, яна кастим-шимли одамлар сал нарида тик оёқда ниманидир қизғин баҳс қилар эди. Яқинлашганда бирдан шу маҳалла оқсоқоли хотинни таниб қолди:
–Ия! Саломатхон! Келинг! – тасодифми, нима бало, оқсоқолнинг овози туйқус жаранглаб кетди. Йўқ, у ҳушёр, азахонада тургани тезда эсига тушиб, ўзини қўлга олди. – Ваалайкум... – овози жуда хаста ва дардманд оҳангда чиқди. – Бандалик, Саломат синглим...
Саломат нимадир деса табиийликка путур етишини ҳис қилиб, бир-икки ҳиққилаб қўя қолди. Оқсоқолнинг бир хотинга ҳамдард бўлиб турганлигини кўрган кастим-шимлилар бу ёққа келишди.
–Нима гап? Ким бу киши, Ўроқвой ака?
–Укам, бу опангиз қадрли рассомимиз Даҳо Харсангнинг завжалари... Анча вақтдан буён касал ётгандилар, даволангани вилоятга жўнатгандик...
Саломат рўмолчасини пастки қовоқларига қадаб ўламса овозда шивирлади:
–Билганимда... кетмасдим... – кейин бирдан чуқур нафас олиб йиқилиб туша бошлади, хайтовур, оқосоқол зийрак-да, тезда ушлаб қолди. Белбоғлилар ҳам ёрдам бериворишди – устига кўрпача тўшалган скамейкага Саломатни ўтқазишди. У базўр нафас олиб, қийналиб дардини ёрди:
–Мени кимларга ташлаб кетдингиз, бегим...
Оқсоқол ғамхўрлик қилди, белбоғлилардан бири четга қараб лаб бурди, бири қошини чимирди, кастим-шимлилар эса шундай вафодор хотиндан таъсирланишди.
2
...Тун оққанда оқсоқол келди. Саломат унга қараб зарда қилди: 
–Одам-подаммасмиз! Эрим ўлиб қоптию, бир оғиз айтмабсиз!
–Э, ўзим ҳам яқинда билдим. Эринг алкаш бўлсаям, ёшлигида катталар билан бирга ўсган экан. Юқорига шовури борибди. Яқин-ўртада алкаш эринг машҳур бўп кетса, не ажаб.
–Ростан?
–Ҳа. Чизган ҳамма расмларини опкетишди. Билмайман, нима чизарди ўзи у. Краска тўкилиб кетган қоғозларни ҳам авайлашди. Санъат асаримиш!
–Ҳм. Сиз санъат асарини қайдан ҳам тушунардингиз? Эрим даҳо бўлган. Расмларини тагига катта ҳарфлар билан “Д.ХАРСАНГ” деб ёзиб қўярди.
–Бўпти...
3
Уч ойдан кейин шаҳарда катта йиғин бўлди. Ўша ердан жамики соқоли ўсган, сочи паттайган одамларни топа олардингиз. Чунки рассом деганлари, одатда, сочу соқолни ўстириб юришни, чамаси, эркинлик белгиси ёхуд даҳолик нишони деб ўйлашса керак. Йўқса, битта устара қаҳатмиди?! Сартарошхонага ўт тушганми?!
Йиғин “Буюк мусаввир Даҳо Харсангнинг сеҳрли ижоди” деб номланибди. Ҳашаматли залнинг бурчагига марҳумнинг расмларини териб қўйишди. Қараганлар ичида: “Тавба, ёш боланинг ажи-бужи ёзувими? Бундан нима маъно?” – деб ўйлардию, ташқарисида бошини олимона чайқаб:
–Давримиз рассомчилигининг сўнгги йўналишида чизилган расм! Жуда пурмаъно!.. – деб қўярди улуғворлигини сақлаган ҳолда.
–Даҳо Харсанг, –деди сўзга чиққанлардан бири қичқириб. – Бетакрор истеъдод соҳиби эди! Унинг ижодий ишларида модернизм, сентиментализм, кубизм ва авангардизмнинг барча унсурлари қоришиб кетган. Бир қарашда сиз суратдаги жумбоқни еча олмай қийналасиз. Аслида, бу ҳам мусаввирнинг ғалабаси. Чунки у сизни ўйлата олди! Диққатингизни ўзига торта олди! Ҳамма гап шунда. Бироз ўтиб, сиз рассомнинг оламига кириб кетасиз, у чизган санъат асарининг ичига сингиб кетасиз! Кейин анча вақтгача бу сеҳрли тасвирлар кўз ўнгингиздан кетмай қолади.
Биринчи қаторда бечораҳол қиёфада ўтирган Саломат бу гаплардан роса зерикди, эснаб юборай, эснаб юборай дедию, бир амаллаб оғзини ёпди: “Ҳе, ўргилдим!”
Нотиқ давом этди:
–...Масалан, буюк мусаввирнинг “Шарнинг парвози” деган асарини олинг, – деворга осилган мониторда осмонда ипи узилиб учиб кетаётган шарнинг расми пайдо бўлди. – Ранг жуда маҳорат билан танланган. Маъно беҳад кўп. Шар бу инсон тимсоли. Инсон ўз орзуларига эришиши учун ўзини боғлаб турган занжирларни узиб бўлса-да, учиши керак! Мана, рассом нима демоқчи!
Гулдурос қарсаклар.
4
Ҳаммаёқда рассомнинг аслида ҳеч кимга ёқмайдиган расмлари пайдо бўлиб кетди. Дизайнерлар ўз ишларига рухсат олиш учун ўша расмларнинг бирор элементини оларди, рекламаларда ҳам фон ёки бир бало йўл билан Даҳо Харсанг расмларидан фойдаланишарди. Ёш рассомлар ёппасига даҳога эргашиб кетишди. Санъатшуносларнинг расмий анжуманларида Даҳонинг сувратларини талқин қилишга навбат талашиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилди.
Бирдан хорижда “Нигоҳ сеҳри” деган кўргазма ташкил этилаётгани ҳақида хабар кеп қолди. Кўпчилик меҳнат қилиб Даҳонинг расмларини саралашди, битта самалйўтгга ўнта одам чиқиб, расмларни кўргазмага опкетишди. Одам энг кўп тўпланадиган жойдан буюртма қилишиб, эртаметандан жойлашиб олишди.
Кўргазма очилди, бир-иккита одам гапирди, кейин ҳамма расмларни томоша қилгани тарқалиб кетди. Келганлар Даҳонинг расмларига ажаланиб қарашардию, ўтиб кетишарди. Охири ҳеч ким қарамай ҳам қўйди.
Ўнта соқчи нега бошқаларнинг расмлари олдида одам кўп, бизда йўқ деб бош қотириш билан машғул бўлишди. Ҳатто, бирор мухбир интервью олгани ҳам келмаса-я!
Шунда “соқчи”лардан бири Даҳонинг бир расмига қараб қолди: қийшиқ-қинғир чизилган думалоқ шакл, яъни шар, учиб кетяпти. Шар охири нима бўлади? Ёрилади-да!
Бир хаёлига келган ўйдан қўрқиб кетди. Ахир, энг зўр санъат асари ҳақида бундай ўйлаш қандай нодонлик!
Атрофга жавдираб қаради: одамлар баъзи сувратлар олдида тўпланишиб нималарнидир муҳокама қилишяпти, баъзи сувратларга эса жим қараб қолишган.
Бу ёққа эса ит ҳам келмаяпти. Итлар ҳам марҳумнинг ароқ ва краска ҳидига ўрганишган, қолаверса, санъат асарини тушунишмаса, нима қилиш керак энди. Тавба.

АКРОМ МАЛИК

No comments:

Post a Comment