Thursday 19 February 2015

БАЛДАИ МАҲФУЗА ДЕРЛАР... “Бобурнома”да Самарқанд тасвири




Инсон қачон азиз бўлади? Қачон у меҳру муҳаббатга лойиқ кўрилади? Нима қилсаки, дўстлари кўпайса, ғанимлари уни кўрганда тилларини тишлаб қолсалар! Умуман, инсон деган чинакам номга муносиб бўлишнинг шартлари қайси нуқтада экан?
Албатта, бу саволларга жавоб бериш мумкин. Масалан, мардлик, ҳалоллик, покдиллик каби фазилатлар инсон қадрини юксакка кўтаради десангиз, биров қаршилик қилмайди. Ёлғон демайди. Лекин оддий гап, оддий ҳақиқат сифатида қабул қиладию, таъсирланмайди. Ҳамма бало шунда – нутқлар гўзал, оҳанглар сеҳрли, аммо айтилган насиҳатлар муаллақ ҳолда қолиб кетаётандек, бирор мард шу яхши маслаҳатларни ҳаётимга татбиқ қилайин демаса-я!
Сўзнинг таъсири унинг исботида экан. Фикрларни қалаштириб, ҳеч бир далил келтирмасангиз, улардан наф камроқ. Шунинг учун бўлса керак, қадимги Шарқ донишмандларининг ҳар бир насиҳати бирор тамсил ёки ривоят билан асослаб берилган.
Юқорида қўйилган саволларга биз ҳам яққол мисол билан, исбот билан жавоб беришга шайланамиз. Шунда чинакам мард инсон, йирик шахс сиймосида намоён бўладиган боболаримиздан Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ёдга оламиз. Унинг таржимаи ҳолига – ҳаёт йўлига нигоҳ ташлаймиз...
Жозиба деган нарса кишининг кўрки ҳисобланади. У бошқаларни тортади, сеҳрлайди, бошқаради.
Жозиба кимларда бўлади? Уни қайдан топиш мумкин? Жозибани шакллантиришнинг, содда қилиб айтганда, ясаб олиш имкони бормикин?
Йўқ, у сотилмайди, ясалмайди, жозиба инсон руҳияти, маънавий дунёсининг қайноқ тафтидир. Сиз жозиб инсон билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, ундан айрилгингиз келмай қолади, унинг файзидан ботинингиз нурланади, маъноли жумлаларидан ҳайратга тушасиз. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ҳазрат Бобур Мирзодаги жамики фазилатлар йиғилиб, жозиба шаклига кирган. У асрлар ўтса-да, одамларни ўзига жалб қилишда давом этяпти.
Бобур бир сўзли шахс. У кучли одам. Қилич билан ғанимларини ер тишлатса, қалам била қалбларни забт этади...
У сўзлаганда суҳбатдошлар маҳлиё бўлиб қолган.
Бобурга эргашганлар унга бўйсунишни шараф деб қабул қилишган. Акс ҳолда, Бобур номи бугун шунчалик баланд жаранглаган бўлармиди?
“Бобурнома”даги фактлар, тасвирлар, тафсилотлар, самимий услуб кишини лол қолдирмай иложи йўқ. Биз муаллифнинг ростгўй инсон эканлигига, оқил шахслигига тан берамиз. Агар асардаги маълумотларни гуруҳлаб чиқсак, унда турли шахсларга берилган тавсиф, ҳудудлар ҳақида географик, этнографик, тарихий ва ҳоказо маълумотларни ўқиймизки, бу Мирзо Бобур дунёқарашининг нечоғлик кенг бўлганига далолат қилади.
Самарқанд юртимизнинг энг қадимий, энг қадрли шаҳарларидан. Биз “Бобурнома”да Самарқандни ўзгача меҳр билан тавсифланганига гувоҳ бўламиз: “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур”.
Руъби маскун – тўрт томон, чор атроф демакдир. Демак, дунёнинг тўрт томонида Самарқанд каби латиф шаҳар кам. Латиф сўзи, одатда, юмшоқ, мулойим, нафис каби маъноларни ифода этади. Муаллиф латиф деганда Самарқанднинг ҳавоси мулойим демоқчи бўлганми? Ёки Самарқанд одамларининг ҳалим қалбли эканлигига ишора этганми?
Ёки барча хислатларни шу бир сўзда мужассам қилган бўлса ҳам, не ажаб!
Ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунга даст топмоғон учун балдаи маҳфуза дерлар”.
Бобур Мирзо Самарқандни ёғийлар – душманлар забт эта олмаганларини таъкидлаган: “...ҳеч ёғий қаҳр ва ғалаба била мунга даст топмоғон”, шунинг учун “балдаи маҳфуза дерлар”. “Балда” сўзи шаҳар, “маҳфуза” – сақланган, ҳимоя қилинган демакдир. Хулоса қилиш мумкинки, Мирзо Бобур даврида Самарқандни сақланган, ҳимоя қилинган шаҳар деб таърифлашган экан!
Темурбек пойтахт қилиб эди. Темурбекдин бурун Темурбекдек улуғ подшоҳ Самарқандни пойтахт қилғон эмастур”.
Демак, ҳазрат Бобурнинг маълумот беришича, Самарқандни Соҳибқирондан олдин унинг даражасидаги бирор улуғ ҳукмдор пойтахт сифатида белгиламаган. Бу эса Самарқанднинг “балдаи маҳфуза” деб таъриф этилиши, нуфузининг ошиши, “жаҳон сайқали” мақомига кўтарилиши бевосита Амир Темур сиёсати билан боғлиқ бўлганлигини билдиради.
Бобур кейинги ўринларда Самарқанд аҳлининг эътиқодига тўхталади, бугунги кунда Истиқлол шарофати билан зиёратгоҳга айланган имом Бухорий қабри, имом Мотуридий қишлоғи ҳақида маълумот беради, “Ҳидоя” асари муаллифи Марғинонийни ҳам эслайди. Сўнг Самарқанднинг геогафик ўрни, қўшни ҳудудлари, сувлари – дарёларини таърифлайди, шу ўринда Самарқандда боғдорчилик ривожлангани билан боғлиқ ажойиб фактни келтиради: “Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жамъи меваси хўб бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдир: себи Самарқанд ва соҳибийи Самарқанд”.
Маълумки, “себ” – олма демакдир. Ҳазрат Бобур яшаган даврда Самарқанд олмаси ва узуми бизнинг ўлкамизда анча машҳур ҳисобланган экан.
Темурбек ва Улуғбек мирзонинг имороти ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур”.
Бундан келиб чиқяптики, Самарқандда қурилган диққатга сазовор иморатларнинг аксари Амир Темур ва Мирзо Улуғбекка тегишли бўлган.
Самарқанд аркида Темурбек бир улуғ кўшк солибтур, тўрт ошиёнлиқ, Кўк саройға мавсум ва машҳур ва бисёр олий имораттур”.
Арк, одатда, ҳукмдор қароргоҳи маъносини билдиради. У давлат ишлари амалга ошириладиган ҳукумат маҳкамаси вазифасини бажарган. Самарқанддаги арк Амир Темур давлатининг бошқарув идораси саналган. Ўша ерда Соҳибқирон кўшк – сарой қурдирган. Маълумки, кўшк ўта ҳашаматли қаср маъносини билдириб, у одатда, камида икки қаватли қилиб қурилган. Бобурнинг маълумотига қараганда, Амир Темур тўрт қаватли – тўрт ошиёнли қаср бунёд қилдирган, у “Кўксаройға мавсум”, яъни Кўксарой деб номланган (мавсум – исмли демакдир), шу ном билан машҳур бўлган ва жуда ҳам кўркамлиги, баландлиги – олийлиги билан кишиларни ҳайратга солган. Афсуски, бугунги кунгача ўша қаср сақланиб қолмаган. Биз фақатгина Бобурнинг ушбу маълумотига суяниб, Соҳибқирон Самарқандда яшаган қасрни тасаввур қила оламиз, холос. Шу жиҳатдан ҳам, мазкур маълумот ўта қимматлидир. Тўғри, Абдураззоқ Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий каби тарихчилар ҳам Амир Темур қурдирган бинолар ҳақида маълумот қолдиришган, лекин уларнинг ҳеч бирида “Бобурнома”даги каби содда ва аниқ тасвир учрамайди.
Кейинги ўринларда Бобур Мирзо Самарқанднинг ўша даврда Оҳанин деб номланган дарвозасига яқин қалъада Амир Темур қурдирган масжид ҳақида гапирган. Бу масжид қурилишида ҳиндистонлик сангтарош – тош йўнувчилар меҳнат қилишган экан. Пештоқида эса ўта гўзал санъат билан “Қуръон”дан оят битилган.
Бобурнинг айтишича, Самарқанднинг шарқий қисмида Боғу Бўлду ҳамда Боғи Дилкушо деган иккита ажойиб боғ барпо қилинган. Боғи Бўлду аркдан йироқ, Боғи Дилкушо яқинроқ жойлашган. Айнан Боғи Дилкушодан бошлаб Самарқанднинг Феруза дарвозасигача бўлган оралиқда хиёбон – катта кўча бунёд этилган ва унинг икки тарафига терак экилган. Боғи Дилкушода ҳам бир қаср бўлиб, унда Амир Темурнинг Ҳиндистон жанги сурати чизилган.
Тасаввур қиляпсизми?..
Мирзо Бобур Самарқанд шаҳрини нақадар аниқ ва тиниқ тасвирлаяпти! Сиз “Бобурнома”ни ўқир экансиз, ўзингизни темурийлар давридаги Самарқанд шаҳрига тушиб қолгандек ҳис этасиз! Агар нигоҳи ўткир, хаёлот олами кенг рассом бўлсангиз, “Темурийлар даврининг Самарқанди” деган полотно яратиб юборишингиз ҳам ҳеч гап эмас.
Бундан ташқари ҳазрат Бобур Нақши Жаҳон, Боғи Чанор, Боғи Шамол, Боғи Биҳишт деган боғларни, турли мадрасаларни, Улуғбек расадхонасини ҳам батафсил таърифлайди, уларнинг жойлашиш ўрни – жанубдами, шарқдами, ғарбдами, шимолдами – ҳаммасини айтиб ўтган.
Келинг, шу ўринда бир фикрлашайлик.
Бобур ким эди? У подшоҳ эди! Шунча гап ёзишнинг унга нима зарурати бўлган? Уни биров айблармиди, агар ёзмаганида?
Гап шундаки, у табиатан олим, донишманд инсон бўлган. Ҳолатни, вазиятни таҳлил қилган. У даврни, одамларни яхши тушунган. Бошқаларга ёздирса бўларди, аммо ўша давр тарихчилари муболағага йўл қўйишлари турган гап эди, ортиқча мақтов кўпайиб кетарди. Натижада, аниқ маълумотлар хирлашиб қоларди.
Яна бир гап. “Зафарнома” асари муаллифи, тарихчи Низомиддин Шомий Амир Темур билан илк бора учрашганда Соҳибқирон унга: “Тарихимни шундай ёзки, ўқувчи мутолаада қийналмасин. Балки ўқиётган нарсаси униинг кўз олдида яққол намоён бўлсин!” – деган талабни қўйган экан.
Эътиборли жиҳати, Бобур Мирзо ҳам худди улуғ бобоси каби фикр юритган: у тарихни бўяб-бежамасдан, очиқ-ойдин ёзиш тарафдори бўлган. Шунинг учун бугун “Бобурнома”ни эъзозлаймиз, қийналмасдан мутолаа қиламиз.
Тарих – илдизимиздир. Юртбошимиз айтганларидек: “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Ҳақиқатан ҳам, илдизи бўлмаган дарахтни тасаввур қилиш мумкинми?
Тарих нима? Тарих – боболаримизнинг ҳаёти, уларнинг эътиқоди, турмуш тарзи, қурган иморатлари, урф-одатлари, гап-сўзлари, адабиёти, илмий мероси, яшаган шаҳарлари...
Биз бугун беш юз аввалги Тошкентни ёхуд Самарқандни тасаввур қила оламизми? Ота-боболаримизнинг ҳаётлари қандай кечган экан ўша даврда? Одамлар қандай кийинишган? Қандай сўзлашишган? Бир-бирларига қандай муомала қилишган экан?
Қизиқ, тўғрими? Шунингдек, буларни билиш жуда муҳим. Чунки биз улардан ибрат оламиз, хулоса қиламиз, келажагимизни қурамиз. Бошқаларга тақлид қилишнинг ҳожати қолмайди.
Бу борада эса бизга Мирзо Бобур ҳазратлари ёрдам беради, “Бобурнома” яқиндан кўмаклашади. Бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Юқорида келтирганимиз, шарҳлаганимиз – “Бобурнома”нинг Самарқанд шаҳри таърифига бағишланган қисмидан олинган кичиккина иқтибос фикримизни исботлайди.
Кўриб турганингиздек, агар ёзувчиларимиз ёки киноижодкорларимиз темурийлар тарихи билан боғлиқ бирор бадиий асар яратмоқчи бўлишса, “Бобурнома”даги фактларни четлаб ўтишлари мумкин эмас.
Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, гарчи тақдир ҳукми билан ўз юртини тарк этса-да, миллати, халқи, керак бўлса, даҳо сифатида инсоният ва тарих олдидаги вазифасини, бурчини аъло даражада уддалаган. Биз ундан ибрат олишимиз ва унга эргашишимиз лозим.

Акром МАЛИК

No comments:

Post a Comment