Sunday, 5 April 2015

КУТУБХОНАДАН / KUTUBXONADAN



Айни пайтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳовлисидаман. Кутубхона қурилганда, битганда ва ишга тушганда беҳад қувонганман. Ушбу лойиҳа муаллифи бўлган Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилганман. Охирги марта келиб кутубхонада соат эрталабки 8.00 дан кечки 18.00 ларгача керакли ишларимни битириб олгандим. Хизматлари аъло даражада. Амм ҳозир эшик тагида сарғайиб турибмиз. Кўпликда гапираётганимнинг сабаби бу ерда яна бошқа ўн нафардан кўпроқ яқин китобхон бор. Иш вақти соат 9.00 дан бошланадиган бўлибди. Очиғини айтганда, кутубхонада 24 (йигирма тўрт) соатли иш тартиби бўлиши керак деган таклифим бор эди. Аммо аксинча, иш вақти қисқариб кетибди.Иш вақтини соат тонгги 8.00 дан бошланса, айни мақсадга мувофиқ бўлар эди...
 АКРОМ МАЛИК

Saturday, 4 April 2015

ВАТАННИ СЕВИШ НИМА ДЕГАНИ? / VATANNI SEVISH NIMA DYEGANI?


Янгилик сайтларига ўтгинг ҳам келмай қолди. Қаёққа қарама: уруш. Жанжал. Тўполон. Ироқ, Сурия, Яман, Украина... Намойишлар, бешафқатликлар, қон тўкиш, инсонни хорлаш, беҳаёлик... Ярми қул қилишни истайди, ярми нима қилишини билмайди...
Ё Раббано, одам боласи шунчалик ҳам ақлдан озадими?!
Ё Раббано, одам боласи шунчалик ҳам шайтонга қул бўладими?!
Ё Раббано, дунёда юриш шунчалик машаққатга ҳам айланар экан-да?!
Бу худди тунда бўлаётган кучли бўронни эслатади. На ой бор, ну юлдуз. Шу шароитла шам кўтариб олиб, ёруғлик таратмоқчи бўлган одамни тасаввур қилиб кўрса бўладими? Ўша одам шам ўчиб қолмаслиги учун вужуди билан шамолларни тўсса керак... Оқил ва одил инсонларнинг яхшилик ҳақидаги қайғуришлари гоҳида каминага шам кўтарганларни эслатади. Аллоҳнинг карам кенг – У ирода қилса, шамлар қуёшга айланади.
Кейин ўз юртимга, Ўзбекистонимга – Тошкентимга қарайман. Ярим тунда ҳам кўчада юрсам, алҳамдулиллаҳ, биров келиб, оғзингда нечта тишингу, хамёнингда неча сўм пулинг бор демади. Ёруғ кўчалар бўйлаб, ўз манзилимга етиб олдим.
Баҳорнинг ҳам иссиқ ва ёқимли кунлари бошланди. Ҳар куни университетга бориб келаман. Бағрикенг устозларимдан таълим оламан. Уйимга келиб, тинчгина ўтириб, китобимни ўқиб, дарс тайёрлайман. Ота-онамнинг, устозларимнинг, дўстларимнинг қайноқ меҳрини ҳар дам, ҳамиша ҳис этиб тураман.
Шукур қилишга, илм олишга, яхшилик йўлида камарбаста бўлишга имкон бор! Чунки бизда тинчлик, соғлик, ёшлик, бойлик, ҳаёт ҳамда вақт неъматларидан бири, албатта, бор.
Самимийлик билан буни ҳис этиш, шукрини адо қилиш ҳар бир мусулмон учун бурчдир, ҳар бир фуқаро учун шарафдир.
Ватанни севиш уни танқид қилиш дегани эмас.
Ватанни севиш ҳаммани айблаб, мен фариштаман деб оқбилак бўлиб ўтириш дегани эмас.
Ватанни севиш мен Ватанни севаман деб жар солиш эмас.
Ватанни севиш ўз севган касбингни, ҳунарингни эгаллаб, шу йўлда ихлос билан, ҳалоллик билан ишлашдир. Ватанни севиш одамлардан заҳмат етса, сабр қилиб, уларнинг меҳр-муҳаббатини эслашдир, уларни қадрлашдир.
Ватанни севиш ундаги неъматлар қадрига етиш ҳамда Ватан учун шовқин кўтармасдан унга хизмат қилишдир. Зотан, шовқинли сойнинг фойдаси кам, салобати йўқ; сокин дарёнинг тўлқини кучли, ҳиммати баланд.

Ватан бағридаги сокин ва теран дарёларга айлансайдик!..

АКРОМ МАЛИК

***

Yangilik saytlariga o‘tging ham kelmay qoldi. Qayoqqa qarama: urush. Janjal. To‘polon. Iroq, Suriya, Yaman, Ukraina... Namoyishlar, beshafqatliklar, qon to‘kish, insonni xorlash, behayolik... Yarmi qul qilishni istaydi, yarmi nima qilishini bilmaydi...
Yo Rabbano, odam bolasi shunchalik ham aqldan ozadimi?!
Yo Rabbano, odam bolasi shunchalik ham shaytonga qul bo‘ladimi?!
Yo Rabbano, dunyoda yurish shunchalik mashaqqatga ham aylanar ekan-da?!
Bu xuddi tunda bo‘layotgan kuchli bo‘ronni eslatadi. Na oy bor, nu yulduz. Shu sharoitla sham ko‘tarib olib, yorug‘lik taratmoqchi bo‘lgan odamni tasavvur qilib ko‘rsa bo‘ladimi? O’sha odam sham o‘chib qolmasligi uchun vujudi bilan shamollarni to‘ssa kerak... Oqil va odil insonlarning yaxshilik haqidagi qayg‘urishlari gohida kaminaga sham ko‘targanlarni eslatadi. Allohning karam keng – U iroda qilsa, shamlar quyoshga aylanadi.
Keyin o‘z yurtimga, O’zbekistonimga – Toshkentimga qarayman. Yarim tunda ham ko‘chada yursam, alhamdulillah, birov kelib, og‘zingda nechta tishingu, xamyoningda necha so‘m puling bor demadi. Yorug‘ ko‘chalar bo‘ylab, o‘z manzilimga yetib oldim.
Bahorning ham issiq va yoqimli kunlari boshlandi. Har kuni universitetga borib kelaman. Bag‘rikeng ustozlarimdan ta’lim olaman. Uyimga kelib, tinchgina o‘tirib, kitobimni o‘qib, dars tayyorlayman. Ota-onamning, ustozlarimning, do‘stlarimning qaynoq mehrini har dam, hamisha his etib turaman.
Shukur qilishga, ilm olishga, yaxshilik yo‘lida kamarbasta bo‘lishga imkon bor! Chunki bizda tinchlik, sog‘lik, yoshlik, boylik, hayot hamda vaqt ne’matlaridan biri, albatta, bor.
Samimiylik bilan buni his etish, shukrini ado qilish har bir musulmon uchun burchdir, har bir fuqaro uchun sharafdir.
Vatanni sevish uni tanqid qilish degani emas.
Vatanni sevish hammani ayblab, men farishtaman deb oqbilak bo‘lib o‘tirish degani emas.
Vatanni sevish men Vatanni sevaman deb jar solish emas.
Vatanni sevish o‘z sevgan kasbingni, hunaringni egallab, shu yo‘lda ixlos bilan, halollik bilan ishlashdir. Vatanni sevish odamlardan zahmat yetsa, sabr qilib, ularning mehr-muhabbatini eslashdir, ularni qadrlashdir.
Vatanni sevish undagi ne’matlar qadriga yetish hamda Vatan uchun shovqin ko‘tarmasdan unga xizmat qilishdir. Zotan, shovqinli soyning foydasi kam, salobati yo‘q; sokin daryoning to‘lqini kuchli, himmati baland.
Vatan bag‘ridagi sokin va teran daryolarga aylansaydik!..

AKROM MALIK

Friday, 3 April 2015

ЧИНАКАМ МИЛЛАТ / CHINAKAM MILLAT



Бирор ерда яхшилик кўрсангиз, уни қўллаб-қувватлашга шошилиш фазилатдир. Унга ҳамкор бўлишга интилиш эса яна ҳам яхши ишдир. Сўзингиз, ҳаракатингиз, дуоингиз ва имконингизда не бўлса, шу билан ўз хайрихоҳлингизни  билдириб қўйиш эса дўстликнинг ибтидосидир. Бу ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббатнинг белгисидир.
Тасаввур қилинг: дўстингиз ёки Сиз танимайдиган бир киши яхши ташаббус билан чиқди. Уни диққат билан кузатинг ва нияти холис эканига ишонсангиз, рағбатингизни маълум қилинг.
Миллатнинг кучи – бирлашишда, ўзаро иттифоқда. Ўтган тарихимиз давомида парокандалик халқимиз бошига битган офат бўлди. Уч хонлик фожиаси, унинг уқубатлари асрларга қадар етиб ортди. Айни пайтда мустақил Ватанимиз фарзанди эканмиз, бўлиниш, келишолмасликни эмас, ўзаро дўстлашиш, фикрлашиш ва ҳамкор бўлиш йўлидан бориш энг тўғри йўлдир. Бу борада маҳаллийчиликдан йироқ бўлиш, ҳар қандай воқеликка ақл кўзи билан боқиб, тўғри хулоса чиқариш муҳим.
Кимдир Сизга қарши чиқса, Сиз қарши чиқишга шошилманг.
Кимдир Сизни ҳақорат қилса, Сиз ҳақорат билан жавоб беришга уринманг.
Кимдир гуноҳ қилса, Сиз жазога ҳукм чиқаришдан аввал сабр қилинг.
Хатоларни тузатиш учун имкон беринг. Айбу нуқсонларни афв этинг, озорларни унутинг. Тавба қилишса, Худодан қабул бўлишини сўранг. Камчилигингиз учун кечирим сўрашдан уялманг.
Одамлар Сизни тушунмасалар, Сиз уларни тушунинг. Кимдир ўзини Сиздан баланд тутса, унга ўзини баланд тутиши учун имкон беринг. У бир куни, барибир, ўз ўрнини билиб олади. Ҳеч бўлмаса, ҳаётнинг ўзи унинг ўрни қаерда эканини кўрсатади.
Ана шундан кейин ўртадаги тўсиқлар кўтарилади, қўллар бир-бирига чўзилади ва дўстлик ришталари боғланиб, чинакам Миллат, Ўзбек Миллати ўз бўй-бастини намоён қилади.


АКРОМ МАЛИК

CHINAKAM MILLAT

Biror yerda yaxshilik ko‘rsangiz, uni qo‘llab-quvvatlashga shoshilish fazilatdir. Unga hamkor bo‘lishga intilish esa yana ham yaxshi ishdir. So‘zingiz, harakatingiz, duoingiz va imkoningizda ne bo‘lsa, shu bilan o‘z xayrixohlingizni  bildirib qo‘yish esa do‘stlikning ibtidosidir. Bu o‘zaro hurmat va mehr-muhabbatning belgisidir.
Tasavvur qiling: do‘stingiz yoki Siz tanimaydigan bir kishi yaxshi tashabbus bilan chiqdi. Uni diqqat bilan kuzating va niyati xolis ekaniga ishonsangiz, rag‘batingizni ma’lum qiling.
Millatning kuchi – birlashishda, o‘zaro ittifoqda. O’tgan tariximiz davomida parokandalik xalqimiz boshiga bitgan ofat bo‘ldi. Uch xonlik fojiasi, uning uqubatlari asrlarga qadar yetib ortdi. Ayni paytda mustaqil Vatanimiz farzandi ekanmiz, bo‘linish, kelisholmaslikni emas, o‘zaro do‘stlashish, fikrlashish va hamkor bo‘lish yo‘lidan borish eng to‘g‘ri yo‘ldir. Bu borada mahalliychilikdan yiroq bo‘lish, har qanday voqelikka aql ko‘zi bilan boqib, to‘g‘ri xulosa chiqarish muhim.
Kimdir Sizga qarshi chiqsa, Siz qarshi chiqishga shoshilmang.
Kimdir Sizni haqorat qilsa, Siz haqorat bilan javob berishga urinmang.
Kimdir gunoh qilsa, Siz jazoga hukm chiqarishdan avval sabr qiling.
Xatolarni tuzatish uchun imkon bering. Aybu nuqsonlarni afv eting, ozorlarni unuting. Tavba qilishsa, Xudodan qabul bo‘lishini so‘rang. Kamchiligingiz uchun kechirim so‘rashdan uyalmang.
Odamlar Sizni tushunmasalar, Siz ularni tushuning. Kimdir o‘zini Sizdan baland tutsa, unga o‘zini baland tutishi uchun imkon bering. U bir kuni, baribir, o‘z o‘rnini bilib oladi. Hech bo‘lmasa, hayotning o‘zi uning o‘rni qayerda ekanini ko‘rsatadi.
Ana shundan keyin o‘rtadagi to‘siqlar ko‘tariladi, qo‘llar bir-biriga cho‘ziladi va do‘stlik rishtalari bog‘lanib, chinakam Millat, O’zbek Millati o‘z bo‘y-bastini namoyon qiladi.

AKROM MALIK

НАСИҲАТДАН ҚОЧЯПМИЗ(МИ?) / NASIHATDAN QOCHYAPMIZ(MI?)


 

Нафс насиҳатни ёқтирмайди. Чунки насиҳат деган нарса нафсни эгади, қийнайди ва тарбия қилади. Аммо бизнинг кунларимизда насиҳатни ҳеч ким хушламайди. Нега? Қаёққа борсангиз, насиҳатга таъқиқ: ТВда ҳам, радиода ҳам, байрамда ҳам. Насиҳат қилма, одамлар зерикиб ўлади, одамлар безиб қолади, одамлар қизиқмай қўяди. Ҳол буки, сўзлаш учун жағ очган, тил чўзган одам борки, ҳаммаси носиҳ – насиҳатгўй, насиҳатчи.
Савол: нега биз насиҳатни ва насиҳатчиларни ёқтирмай қўйдик? Нега насиҳат эшитганимизда қалбларимиз титраб кетмайди? Нега насиҳат тинглаб, нафсимизни маломат қилмаймиз? Нега насиҳатни тинглаймизу, ичимизда бетоқат бўлиб, ташимизда тиржайиб ўтирамиз худди “маза қилиб тинглаётгандек”? Жавоблар қуйидагича экан:
1.                Насиҳат қилувчи ўзи амал қилмайдиган гапларни гапиради. Яъни носиҳ одамларни алдайди. Ёлғон гапирма дейди – ўзи ёлғончи. Ўғирлик қилма дейди – ўзи ўғри. Пора олма дейди – ўзи порхўр. Ҳалол бўл дейди – ўз ҳаромхўр. Одобдан гапиради – кўзлари шаҳватга тўлган. Буни тингловчи билмайди, аммо негадир ўша носиҳ гапирса, энсаси қотади.
2.                Насиҳатлар жуда чўзилиб кетади, нутқ қоидалари бузилади, бир хил фикр ва сўзлар такрорланаверади, қисқаси – эзмалик. Ўта “миянғилик” ва минғирлаш одамларни насиҳатдан безитди.
3.                Насиҳат қилувчи ўзини мақтайди. Насиҳатгўй ўз фикрига мисол излар экан, фақат ўзини мисол қилиб келтиради: қилган ишлари, эришган ютуқлари. Хуллас, мақтанчоқлик. Насиҳатдан мақсад – мақтаниш ва мақтов эшитишга айланиб қолди.
4.                Атрофимизда турли кўнгилочар ва кўнгилхушлар нарсалар беҳад кўп. Кибримиз семирган. Бош эгиб насиҳат тинглашдан кўра мусиқа, филм ва ўйинлар қизиқарлироқ. Бизда тинглай билиш қобилияти, айбларимизни тан олиш ва уларни тўғирлашга бўлган истак йўқолиб кетмоқда. Аксинча, кимдир насиҳат қилса ёки хатомизни кўрсатса, тузатишдан аввал ўзимизни ҳимоя қилишга, оқлашга интиламиз: “Мен оппоқман, менда айб йўқ, мен мукаммалман!”
Аслини олганда, насиҳат – сўзнинг дури, насиҳат – қалбни очувчи калит, насиҳат – йўлни ёритувчи чироқ.
Бугун дурлар ерга сочилган, калит ўғирланган, чироқ ўчган.
Дурларни қачон терамиз?
Калитни қаердан топамиз?
Чироқни ким ёқади?

АКРОМ МАЛИК

NASIHATDAN QOCHYAPMIZ(MI?)


Nafs nasihatni yoqtirmaydi. Chunki nasihat degan narsa nafsni egadi, qiynaydi va tarbiya qiladi. Ammo bizning kunlarimizda nasihatni hech kim xushlamaydi. Nega? Qayoqqa borsangiz, nasihatga ta’qiq: TVda ham, radioda ham, bayramda ham. Nasihat qilma, odamlar zerikib o‘ladi, odamlar bezib qoladi, odamlar qiziqmay qo‘yadi. Hol buki, so‘zlash uchun jag‘ ochgan, til cho‘zgan odam borki, hammasi nosih – nasihatgo‘y, nasihatchi.
Savol: nega biz nasihatni va nasihatchilarni yoqtirmay qo‘ydik? Nega nasihat eshitganimizda qalblarimiz titrab ketmaydi? Nega nasihat tinglab, nafsimizni malomat qilmaymiz? Nega nasihatni tinglaymizu, ichimizda betoqat bo‘lib, tashimizda tirjayib o‘tiramiz xuddi “maza qilib tinglayotgandek”? Javoblar quyidagicha ekan:
1.                Nasihat qiluvchi o‘zi amal qilmaydigan gaplarni gapiradi. Ya’ni nosih odamlarni aldaydi. Yolg‘on gapirma deydi – o‘zi yolg‘onchi. O’g‘irlik qilma deydi – o‘zi o‘g‘ri. Pora olma deydi – o‘zi porxo‘r. Halol bo‘l deydi – o‘z haromxo‘r. Odobdan gapiradi – ko‘zlari shahvatga to‘lgan. Buni tinglovchi bilmaydi, ammo negadir o‘sha nosih gapirsa, ensasi qotadi.
2.                Nasihatlar juda cho‘zilib ketadi, nutq qoidalari buziladi, bir xil fikr va so‘zlar takrorlanaveradi, qisqasi – ezmalik. O’ta “miyang‘ilik” va ming‘irlash odamlarni nasihatdan bezitdi.
3.                Nasihat qiluvchi o‘zini maqtaydi. Nasihatgo‘y o‘z fikriga misol izlar ekan, faqat o‘zini misol qilib keltiradi: qilgan ishlari, erishgan yutuqlari. Xullas, maqtanchoqlik. Nasihatdan maqsad – maqtanish va maqtov eshitishga aylanib qoldi.
4.                Atrofimizda turli ko‘ngilochar va ko‘ngilxushlar narsalar behad ko‘p. Kibrimiz semirgan. Bosh egib nasihat tinglashdan ko‘ra musiqa, film va o‘yinlar qiziqarliroq. Bizda tinglay bilish qobiliyati, ayblarimizni tan olish va ularni to‘g‘irlashga bo‘lgan istak yo‘qolib ketmoqda. Aksincha, kimdir nasihat qilsa yoki xatomizni ko‘rsatsa, tuzatishdan avval o‘zimizni himoya qilishga, oqlashga intilamiz: “Men oppoqman, menda ayb yo‘q, men mukammalman!”
Aslini olganda, nasihat – so‘zning duri, nasihat – qalbni ochuvchi kalit, nasihat – yo‘lni yorituvchi chiroq.
Bugun durlar yerga sochilgan, kalit o‘g‘irlangan, chiroq o‘chgan.
Durlarni qachon teramiz?
Kalitni qayerdan topamiz?
Chiroqni kim yoqadi?

AKROM MALIK



Thursday, 2 April 2015

МАЪРИФАТ САРИ / MA'RIFAT SARI


Мактабни битираётган, коллеж ёки лицейни тамомлаётган йигитчаларни саволга тутиб кўринг: “Ўқишни тамомлаб қайси касбнинг бошини тутмоқчисан?”
Жавоб вариантлари:
“Билмайман”.
“Такси қиламан”.
“Миллийга ўқишга кираман”.
“Юридикага ўқишга кираман”.
“Шарқшуносликка ўқишга кираман”.
“Инязга ўқишга кираман”.
“Дипломатияга ўқишга кираман”.
“Пединститутга ўқишга кираман”.
“Ташмига ўқишга кираман”.
“Сампига ўқишга кираман”.
“Связга... Химтехга... Нархозга... Селхозга... Аграрга...”
Кейин соҳасини сўрайсиз. Аксарияти ижтимоий ёки иқтисодий соҳа...  Айниқса, юрист бўлишга кўпчилиги ишқивоз. Шахсан камина ақл меҳнатига – математика, физика, кимё, биология, тупроқшунослик, геология... хуллас, амалий ишларни қилиш мумкин бўлган соҳаларга муҳаббат билан талпинадиган ёшларни жуда ҳам кам кўраман.
Кашфиёт қилишга, янгиликларни излаб топишга интилиш бор, аммо порлоқ шаклда эмас, онда-сонда ғира-шира... Масалан, комьютер дастурчилиги, астрофизика, роботларни ясаш, кимё, биология бўйича чин дилдан ҳаракат қилаётганлар саноқли бўлиб кўринади. Кўпчилигимиз ҳам шу соҳаларни деярли тушунмаймиз. Математика, кимё, физика дейишса, пешонамиз тиришади. Майли, буларни қўя турайлик, шеър, роман, ҳикоя, адабиёт дейишса ҳам худди ўша аҳвол.
Нега шунақа? Ёшларимизнинг катта қисми фан ҳақида эмас, турли маиший мавзулардаги суҳбатларга – машиналарнинг русумлари, комьютер ўйинлари, қизлар, либослар ва шу каби аҳамиятсиз масалаларга ўч. Чойхона, гап-гаштак, ўйин-кулги, дискотека...
Жуда катта қатлам шу билан банд эканлигини ким инкор этади?
“Хўш, буни қандай усул билан бартараф этиш мумкин?”
Сиз китоб дўконларига кирганда математика ёки физика ҳақида жуда осон қўлланмаларни кўрганмисиз? Ёки кимёга? Ёки биологияга? Ёки адабиётшуносликка? Кўрган бўлсангиз, уларнинг неча хилини кўрдингиз?
Тўғри, август имтиҳонлари учун мўлжалланган қўлланмалар кўп. Аммо исталган одам қўлига олиб, ўқиб, бемалол тушуниб кетаверадиган даражада ёзилган илмий-маърифий китоблар борми?
Охирги марта ТВда қайси аниқ соҳа олими аниқ бирор масалада маъруза қилиб берди? Ёки радиода? Ўзи шу йўналишдаги кўрсатув ёки эшиттиришлар борми? Дейлик, “Маънавият ва маданият” деган каналда анонс: “Физика олами”нинг навбатдаги сонида Фалончи Фалончиев “Товуш ҳоссалари ҳақида сўзлаб беради!” Шуни тасаввур қилиб кўрганмисиз? Аниқ мавзу, аниқ тушунтириш. Борми? Афсуски, йўқ. Чет элнинг бармоқ билан санарли таржима фильмлари ўзимизники эмас-да!
“Нега?”
“Одамлар қизиқмайди, оммабоп эмас, қийин”.
“Нима қизиқ?”
“Ашула, кино, клип, ошхона”
“Аввал, шу йўналишда ўнта кўрсатув, бешта эшиттириш тайёрла, ТВга узат, кейин кут-чи, нима бўлар экан...”
Яхши ва билимли олимларимиз кўп. Улар билан ТВ шартнома тузиши керак, ҳақини тўлаши керак ва улардан аниқ мавзуларда маърузалар олиб, эълон қилиш лозим. Иложи бўлса, ўша маърузаларга мос тасвирлар билан.
Чиқиб қолар қизиқадиганлар!
Кимёда Авагадро қонуни деган тушуна бор. Шу қонунни арзон нархли битта китобча орқали тушунтириб, чиқарса бўлмайдими? Ёки Ньютон қонунларини? Бу китоблар катта дарсликлардан кўра фойдали бўлади – чунки дарсликдаги ўнта қоидани тушунишдан кўра шу битта китобдаги биттасини тез ўқиб, англаш осон. Албатта, унда бу қонунлар батафсил ва содда услубда баён этилади.
“Ҳали бунга тайёр эмасмиз”.
Агар ҳозирдан қўзғалмасак, қачон тайёр бўламиз?
Бу ишни ким қилади?
Ёшлар қилади, талабалар, магистрлар. Улар тайёрлайди, домлалари текшириб беради, кейин китобчалар чиқади. Уни кенг миқёсда тарқатиш керак. Қанийди, соҳалар бўйича турли-туман китоблар билан китоб дўконларини тўлдириб ташласак! Аниқро айтсак, Республикамиздаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчани китоб дўконлари ва кутубхоналарга тўлдириб ташласак!
ТВда ва радиода ҳар куни шундай чиқишлар тўлиб-тошиб кетса эди!.. Ҳар бир киши ҳар бир соҳадан маълум даражада хабардор бўлса, қандоқ ҳам яхши!
Шунча гапни ўқидингиз, иложи борича, қисқароқ қилишга интилдим. Агар сиз айтилган ишлардан бирортасини амалга оширишга қодир бўлсангиз, Худо хайрингизни берсин, ҳаракатни бошласангиз бўлмайдими?..

Халқимиз янада маърифатли бўлиб қолар эди.

АКРОМ МАЛИК
MA’RIFAT SARI
Maktabni bitirayotgan, kollej yoki litseyni tamomlayotgan yigitchalarni savolga tutib ko‘ring: “O’qishni tamomlab qaysi kasbning boshini tutmoqchisan?”
Javob variantlari:
“Bilmayman”.
“Taksi qilaman”.
“Milliyga o‘qishga kiraman”.
“Yuridikaga o‘qishga kiraman”.
“Sharqshunoslikka o‘qishga kiraman”.
“Inyazga o‘qishga kiraman”.
“Diplomatiyaga o‘qishga kiraman”.
“Pedinstitutga o‘qishga kiraman”.
“Tashmiga o‘qishga kiraman”.
“Sampiga o‘qishga kiraman”.
“Svyazga... Ximtexga... Narxozga... Selxozga... Agrarga...”
Keyin sohasini so‘raysiz. Aksariyati ijtimoiy yoki iqtisodiy soha...  Ayniqsa, yurist bo‘lishga ko‘pchiligi ishqivoz. Shaxsan kamina aql mehnatiga – matematika, fizika, kimyo, biologiya, tuproqshunoslik, geologiya... xullas, amaliy ishlarni qilish mumkin bo‘lgan sohalarga muhabbat bilan talpinadigan yoshlarni juda ham kam ko‘raman.
Kashfiyot qilishga, yangiliklarni izlab topishga intilish bor, ammo porloq shaklda emas, onda-sonda g‘ira-shira... Masalan, komyuter dasturchiligi, astrofizika, robotlarni yasash, kimyo, biologiya bo‘yicha chin dildan harakat qilayotganlar sanoqli bo‘lib ko‘rinadi. Ko‘pchiligimiz ham shu sohalarni deyarli tushunmaymiz. Matematika, kimyo, fizika deyishsa, peshonamiz tirishadi. Mayli, bularni qo‘ya turaylik, she’r, roman, hikoya, adabiyot deyishsa ham xuddi o‘sha ahvol.
Nega shunaqa? Yoshlarimizning katta qismi fan haqida emas, turli maishiy mavzulardagi suhbatlarga – mashinalarning rusumlari, komyuter o‘yinlari, qizlar, liboslar va shu kabi ahamiyatsiz masalalarga o‘ch. Choyxona, gap-gashtak, o‘yin-kulgi, diskoteka...
Juda katta qatlam shu bilan band ekanligini kim inkor etadi?
“Xo‘sh, buni qanday usul bilan bartaraf etish mumkin?”
Siz kitob do‘konlariga kirganda matematika yoki fizika haqida juda oson qo‘llanmalarni ko‘rganmisiz? Yoki kimyoga? Yoki biologiyaga? Yoki adabiyotshunoslikka? Ko‘rgan bo‘lsangiz, ularning necha xilini ko‘rdingiz?
To‘g‘ri, avgust imtihonlari uchun mo‘ljallangan qo‘llanmalar ko‘p. Ammo istalgan odam qo‘liga olib, o‘qib, bemalol tushunib ketaveradigan darajada yozilgan ilmiy-ma’rifiy kitoblar bormi?
Oxirgi marta TVda qaysi aniq soha olimi aniq biror masalada ma’ruza qilib berdi? Yoki radioda? O’zi shu yo‘nalishdagi ko‘rsatuv yoki eshittirishlar bormi? Deylik, “Ma’naviyat va madaniyat” degan kanalda anons: “Fizika olami”ning navbatdagi sonida Falonchi Falonchiyev “Tovush hossalari haqida so‘zlab beradi!” Shuni tasavvur qilib ko‘rganmisiz? Aniq mavzu, aniq tushuntirish. Bormi? Afsuski, yo‘q. Chet elning barmoq bilan sanarli tarjima filmlari o‘zimizniki emas-da!
“Nega?”
“Odamlar qiziqmaydi, ommabop emas, qiyin”.
“Nima qiziq?”
“Ashula, kino, klip, oshxona”
“Avval, shu yo‘nalishda o‘nta ko‘rsatuv, beshta eshittirish tayyorla, TVga uzat, keyin kut-chi, nima bo‘lar ekan...”
Yaxshi va bilimli olimlarimiz ko‘p. Ular bilan TV shartnoma tuzishi kerak, haqini to‘lashi kerak va ulardan aniq mavzularda ma’ruzalar olib, e’lon qilish lozim. Iloji bo‘lsa, o‘sha ma’ruzalarga mos tasvirlar bilan.
Chiqib qolar qiziqadiganlar!
Kimyoda Avagadro qonuni degan tushuna bor. Shu qonunni arzon narxli bitta kitobcha orqali tushuntirib, chiqarsa bo‘lmaydimi? Yoki Nyuton qonunlarini? Bu kitoblar katta darsliklardan ko‘ra foydali bo‘ladi – chunki darslikdagi o‘nta qoidani tushunishdan ko‘ra shu bitta kitobdagi bittasini tez o‘qib, anglash oson. Albatta, unda bu qonunlar batafsil va sodda uslubda bayon etiladi.
“Hali bunga tayyor emasmiz”.
Agar hozirdan qo‘zg‘almasak, qachon tayyor bo‘lamiz?
Bu ishni kim qiladi?
Yoshlar qiladi, talabalar, magistrlar. Ular tayyorlaydi, domlalari tekshirib beradi, keyin kitobchalar chiqadi. Uni keng miqyosda tarqatish kerak. Qaniydi, sohalar bo‘yicha turli-tuman kitoblar bilan kitob do‘konlarini to‘ldirib tashlasak! Aniqro aytsak, Respublikamizdagi har bir mahalla, har bir ko‘chani kitob do‘konlari va kutubxonalarga to‘ldirib tashlasak!
TVda va radioda har kuni shunday chiqishlar to‘lib-toshib ketsa edi!.. Har bir kishi har bir sohadan ma’lum darajada xabardor bo‘lsa, qandoq ham yaxshi!
Shuncha gapni o‘qidingiz, iloji boricha, qisqaroq qilishga intildim. Agar siz aytilgan ishlardan birortasini amalga oshirishga qodir bo‘lsangiz, Xudo xayringizni bersin, harakatni boshlasangiz bo‘lmaydimi?..
Xalqimiz yanada ma’rifatli bo‘lib qolar edi.

AKROM MALIK

ШОН-ШУҲРАТНИНГ ТАЪМИ / SHON-SHUHRATNING TA’MI


Шону-шуҳрат нега ширин бўлар экан?
Одамнинг тийнатида эътироф эшиштишга нисбатан кучли истак бор. Бирор иш амалга оширилгач, “Э, баракалла! Қойил! Раҳмат!” деган сўзларни, ахир, Сиз ҳам эшитишни истамайсизми?
Одамларни қанча қойил қолдирсак, янада қойил қолдиргимиз келади. Қанча кўп мақташса, янада кўпроқ эшитгимиз келади. Кимдир мақтаса, шу мақтовини оқлашим керак деб ҳам ҳаракат қиламиз. Агар хато қилиб қўйсак, эҳ, нима деган одам бўлдим энди... деб сиқиламиз. Ахир, мени ҳурмат қилишарди... Мақташарди... Энди нима бўлади?
Демак, биз фақат мақтов эшитиш учун интилар эканмиз-да.
Демак, биз фақат қойил қолдириш учун яшар эканмиз-да.
Демак, биз фақат олқишларни ҳаётимиз мазмунига айлантириб олибмиз-да...
Яхши рағбат яхши ишларга ундайди. Буни рад этиб бўлмайди. Аммо ишларимизни мақтовлар ва эътирофлар учун қилишиз яхши эмас. Шон-шуҳрат дегани жуда ҳам кўп одамлар, иложи бўлса, дунёдаги ҳамма одамлар мени танисин ва қойил қолсин деган истакдир. Ўйлаб кўринг-чи, бу бизга – ожиз одам болаларига мумкинми?
“Мен бир махфий ганжина эдим, билинмоқ истадим”.
“Мен инс ва жинни фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун яратдим”.
Бу мазмунни қаердан топишимиз мумкин?
Эсладингизми? Агар эслай олмаган бўлсангиз, атрофдагилардан сўранг, қайси манбадан олинганлигини излаб кўринг.
Одамлар бизни танисин, олқишласин деб ҳаракат қилсак... юқоридаги жумлалар маъносига кўра бу қандай истак бўлди?! Аслида у Кимнинг амри, аслида у Кимнинг иродаси, аслида у Кимнинг хоҳиши?! Ва биз унга даъво қиляпмиз?
Шон-шуҳратга ўчлик – фиръавн каби Худоликка даъво қилишдир.
Шон-шуҳратга ўчлик – Аллоҳ билан қудрат талашишдир.
Шон-шуҳратга ўчлик – ўзингни чекиз ҳалокатга ташлашдир.
Энди, шон-шуҳратга кўмилиб бўлдик деб тасаввур қиламиз. Кейин нима бўлади? Дейлик, зилзила. Сиз жуда ҳам таниқли одамсиз. Ҳамма ёқ остин-устун... Ҳамма жон талвасасида... Сиз ҳам бир дарахтнинг тагида қолиб кетгансиз. Сизни танийдиганлардан ким ёрдамга шошилар экан? Ким ўз жонини хатарга қўйиб, сизни қутқариб олгани келар экан?
Жавобини биласиз.
Агар ўзимизни танитишга эмас, Ягона Зотни танишга интилсак, нима бўлади?
Ўзимизни реклама қилишни бас қилиб, Яратган Парвардигорнинг қудрати ҳақида тафаккур қилсак-чи? Ўзим... Ўзим.. деявермасдан...
Шон-шуҳратнинг офати шуки, сиз у билан овора бўлиб, Яратган Зотни ёддан чиқариб қўясиз. Кейин Яратган Зот ҳам сизни унутади. Кейин нима бўлади?

Атрофга қалб кўзингиз билан қарасангиз, Худо унутган одамларнинг фожиасини яққол кўрасиз...

АКРОМ МАЛИК

SHON-SHUHRATNING TA’MI

 

Shonu-shuhrat nega shirin bo‘lar ekan?
Odamning tiynatida e’tirof eshishtishga nisbatan kuchli istak bor. Biror ish amalga oshirilgach, “E, barakalla! Qoyil! Rahmat!” degan so‘zlarni, axir, Siz ham eshitishni istamaysizmi?
Odamlarni qancha qoyil qoldirsak, yanada qoyil qoldirgimiz keladi. Qancha ko‘p maqtashsa, yanada ko‘proq eshitgimiz keladi. Kimdir maqtasa, shu maqtovini oqlashim kerak deb ham harakat qilamiz. Agar xato qilib qo‘ysak, eh, nima degan odam bo‘ldim endi... deb siqilamiz. Axir, meni hurmat qilishardi... Maqtashardi... Endi nima bo‘ladi?
Demak, biz faqat maqtov eshitish uchun intilar ekanmiz-da.
Demak, biz faqat qoyil qoldirish uchun yashar ekanmiz-da.
Demak, biz faqat olqishlarni hayotimiz mazmuniga aylantirib olibmiz-da...
Yaxshi rag‘bat yaxshi ishlarga undaydi. Buni rad etib bo‘lmaydi. Ammo ishlarimizni maqtovlar va e’tiroflar uchun qilishiz yaxshi emas. Shon-shuhrat degani juda ham ko‘p odamlar, iloji bo‘lsa, dunyodagi hamma odamlar meni tanisin va qoyil qolsin degan istakdir. O’ylab ko‘ring-chi, bu bizga – ojiz odam bolalariga mumkinmi?
“Men bir maxfiy ganjina edim, bilinmoq istadim”.
“Men ins va jinni faqat O’zimgagina ibodat qilishi uchun yaratdim”.
Bu mazmunni qayerdan topishimiz mumkin?
Esladingizmi? Agar eslay olmagan bo‘lsangiz, atrofdagilardan so‘rang, qaysi manbadan olinganligini izlab ko‘ring.
Odamlar bizni tanisin, olqishlasin deb harakat qilsak... yuqoridagi jumlalar ma’nosiga ko‘ra bu qanday istak bo‘ldi?! Aslida u Kimning amri, aslida u Kimning irodasi, aslida u Kimning xohishi?! Va biz unga da’vo qilyapmiz?
Shon-shuhratga o‘chlik – fir’avn kabi Xudolikka da’vo qilishdir.
Shon-shuhratga o‘chlik – Alloh bilan qudrat talashishdir.
Shon-shuhratga o‘chlik – o‘zingni chekiz halokatga tashlashdir.
Endi, shon-shuhratga ko‘milib bo‘ldik deb tasavvur qilamiz. Keyin nima bo‘ladi? Deylik, zilzila. Siz juda ham taniqli odamsiz. Hamma yoq ostin-ustun... Hamma jon talvasasida... Siz ham bir daraxtning tagida qolib ketgansiz. Sizni taniydiganlardan kim yordamga shoshilar ekan? Kim o‘z jonini xatarga qo‘yib, sizni qutqarib olgani kelar ekan?
Javobini bilasiz.
Agar o‘zimizni tanitishga emas, Yagona Zotni tanishga intilsak, nima bo‘ladi?
O’zimizni reklama qilishni bas qilib, Yaratgan Parvardigorning qudrati haqida tafakkur qilsak-chi? O’zim... O’zim.. deyavermasdan...
Shon-shuhratning ofati shuki, siz u bilan ovora bo‘lib, Yaratgan Zotni yoddan chiqarib qo‘yasiz. Keyin Yaratgan Zot ham sizni unutadi. Keyin nima bo‘ladi?
Atrofga qalb ko‘zingiz bilan qarasangiz, Xudo unutgan odamlarning fojiasini yaqqol ko‘rasiz...

AKROM MALIK