Ўзбек блоги – Ўзбекистоннинг ватанпарвар ва уйғоқ фарзандлари минбари
2015 йилнинг 28 май куни Тошкентдаги “Пойтахт” бизнес
марказида бўлиб ўтган тадбир – “Ўзбек блогерлари чемпионатининг 2-мавсум тақдирлаш
маросими” каминада жуда катта таассурот қолдирди.
Ўйланиб қолдим. Хаёлимга бир гаплар келди... Одатда,
қолип яхши эмас, аммо ўзбек блогларининг бажариши лозим бўлган функциялари
ҳақида гапиргим келди. Тадбирда шу ҳақда нималардир дедим. Энди ўша фикрларимни
тартиб билан айтсам:
1.
Ўзбек блогпости шовқин-сурон кўтариш, шов-шув билан шуҳрат қозониш мақсади
билан яшамайди, у инсонлар дунёқарашини бойитиш учун хизмат қилади.
2.
Ўзбек блогпостида чинакам ўзбекона руҳ, миллий қиёфа, миллий фалсафа
бўлиши лозим. Масалан, ҳажвий, танқидий, информацион – фарқи йўқ қайси йўналишда
– асосийси, блогпостнинг қайсидир нуқтасида ўзбекона колорит бўлиши лозим. Колорит
жумла тузишда, хулоса чиқаришда, ўзбек мақолларини қўллашда, безакда, умуман,
исталган нуқтада намоён бўлиши мумкин.
3.
Ўзбек блогпостида ҳозирги куннинг энг долзарб муаммоси нишонга олиниши
даркор. Ва у муаммо, албатта, бизнинг жамият ҳаётига алоқадор бўлиши айни
мақсадга мувофиқ. Муаммони кўрсатиб, унга аниқ ечим тавсия этилса, нур устига
нур бўлади.
4.
Ўзбек блогпости холис, ростгўй ва фидойи бўлиши шарт. Тарафкашлик,
жанжалкашлик, ўзаро нифоқ уйғотмасин. Иложи борича, соф дўстона кайфият
об-ҳавосини ҳис эта олайлик. Танқид қилишда, баҳолашда виждон билан ёндашганга
нима етсин!
5.
Ўзбек блогпости ўзбек адабий тили қоидалари учун курашсин. Керак бўлса,
ўзбек адабий тили қоидаларининг амалиёти учун саҳиҳ манбага айлансин! Ўзбек адабий
тили меъёрлари бузилса, албатта, ўша блогпост “аёвсиз” ўққа тутилсин, токи бу “гуноҳ”
учун “жазо” борлигини кўрайлик.
6.
Ўзбек блогпости замон билан ҳамнафас экани унга бир фазилатдир. Унда сўнгги
муҳим янгиликлар учун холис муносабатлар акс этсин.
7.
Ўзбек блогпости Ватанни севишга, инсонни қадрлашга ўргатсин. Унга юксак
одоб, чуқур билим ва ҳалоллик безак бўлсин.
Блогпост юритувчиларнинг моддий ҳолати эса астойдил
меҳнат билан боғлиқ.
Каминада шундай фикрлар. Сиз нима дейсиз? Бошқа мезонларни
ўйлаб кўриш керакдир? Ёки мезон керак эмас деган қарашлар ҳам мавжудми?