Sunday 12 April 2015

5-боб Яхши одам бўламизми?



Ўйлаб боқсам, каминага ўз кўнглида яхшилик қилган одамлар кўп экан. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам китобга кирита олиш имконсиз. Бу варақ етмаслиги ёки сўз камлигидан эмас, гап мутлақо бошқа ёқда...
Тасаввур қилинг, бир киши ёрдамга ўта муҳтож эди, сиз унга катта миқдорда пул бериб, хурсанд қилдингиз. Бечора одам қайта-қайта букилиб: “Раҳмат, раҳмат!” – дейди. Сиз эса унинг раҳматларини эшитиб эриб кетасиз: “Худо йўлига... Савоб бўлар...”
Кейин қаерда ким кўринса, ўшанга бу ҳақда айтиб, Худо йўлига деб таъкидлаб қўясиз.
Вақт ўтади. Банда – банда-да. Сиз яхшилик қилган одам хато қилиб сизга озор берди. Энди нима дейсиз?
“Вой, нонкўр! Мен унга шунча яхшилик қилсам-а... Унга фалон, фалон, фалон ёрдамларни берганман. Ҳеч ким назарига илмаган бир пайтда мана бундоқ қилганман! Энди эса... юзимга оёқ қўйди...”
Шунга ўхшаган гаплар оғиздан чиқади. Бу – дунёдаги энг чиркин гаплардир. Бу чиркин гаплар сизнинг қилган “яхшилигингиз” қийматини нольга тенглаштиради. У ҳам камдек, минусга қараб юради, яъни гуноҳлар ёзилади.
Аслида, Худо йўлига деб тиржайиб турганимизда ҳам ичимизда ундай ўйламаймиз, гоҳо...
Аслида, савоб бўлар десак-да, қалбимиз кибр ҳиссидан маст бўлади. Чунки айтилаётган раҳматдан бир хурсанд бўлсак, бир куни бу яхшилигим эвазига нимадир билан жавоб беради деб бир мамнун бўламиз. Яхшиликка яхшилик қайтиши шубҳасиз, аммо бу қайтадиган яхшиликни банданинг ўзидан талаб қилиш яхшилик эмас. Яхшилик деган нарса Худо йўлига қилинган экан, уни унутиш зарур. Эсдан чиқариш зарур. Мана шу соф ва самимий яхшилик бўлади.
Хаёлан: “Мен фалончи фалон пайтда қийналиб қолганида, қўллаб юборганман...” – деб ўйлаб юрамиз. Уни ўзимизнинг олдимизда қарздор санаймиз. Шу ҳам яхшилик бўлдими?
Устоз Тоҳир Малик: “Дилда бўлмаса, тилга чиқмайди”, – деган эди. Яъни дилингда бўлмаган гап тилингга чиқмайди. Агар сиз ҳазил маъносида ҳам ўзингиз қилган хайрли ишни эътироф этсангиз, уни эслатсангиз, демак, дилда бемалол бу иш билан фахрланасиз.
Аммо ўша “хайрли” иш дунёни ўзгартириб юбордими?
Аммо ўша “хайрли” инсоният ҳаётида бурилиш бўлдими?
Нари борса, бир кишиги бир сўм бергансиз ёки шу каби... Барпо қилган гуноҳ тоғларимиз олдида бу “хайр”нинг қиймати қанча экан ўзи?
Улуғ одамнинг бағри кенг бўлади. У майда хаёлларга ўралашмайди. У коинотни, оламнинг чексизлигини кўради. Амалга ошираётган хайрли амаллари унинг учун чумоли изичалик ҳам кўринмайди. Шунинг учун яхшиликда бардавом бўлади.
Чинакам яхши одам – улуғ одамдир. Унинг нонкўрлар билан иши йўқ. Унинг мақтовларга ҳуши йўқ. Ўз қилган яхшиликни кўрсатадиган туши йўқ. У ўзини унутган, Ҳақ йўлида самимийликни тутган. Хизматга туҳмат кўрса ҳам, миннат сўзларини тилига яқин йўлатмайди.

Нима деб ўйлайсиз, росмана яхши одам бўламизми? Ҳаракат қилиб кўрайлик-чи...

No comments:

Post a Comment