Sunday 12 April 2015

4-боб Қатъият ва шижоат дарслари



Ёзнинг иссиқ куни.
Олма боққа бордик. Ўн-ўн бешта ўсмир ўртоқлар боғни тўлдириб юборди. Ҳамма олма теришга тушиб кетган.
Олма еявериб, тишлар қамашиб кетди.
Олма боғнинг тугаш жойида катта сув оқади. Агар режадаги олма терилса, бас, чўмилишга!
Туш пайти. Боғ четидаги супага йиғилиб ўтирдик. Бизга Халилуллоҳ ака – падари бузрукворимнинг энг яқин дўсти – бош. Боғ бўйлаб айланиб, эринмасдан ишни назорат қилиб юрди.
Тушлик бизнинг уйдан келиши зарур эди, негадир, кечикди. Эрталаб кўтариб келган нонларимизни ушатдик.
Халилуллоҳ акани ҳам худди Ҳабибуллоҳ акани танигандек танийман. Қизиқ ҳақиқат: бу икки инсон болаликдан дўст бўлишган. Ҳабибуллоҳ аканинг очиқкўнгил ва виждонли эканини билган Ҳожи бобо – Халилуллоҳ аканинг дадаси – “Ҳабибуллоҳ учун эшигим йигирма тўрт соат очиқ, уйимнинг тўри уники!” – деб лутф қилган. Ҳолбуки, Ҳожи бобонинг бундай лутфига ҳамма ҳам муносиб кўрилмаган.
Халилуллоҳ ака ҳам, Ҳабибуллоҳ ака ҳам жуда ўқимишли. Яна бир қизиқ ҳақиқат шуки, Ҳабибуллоҳ ака қанчалик босиқ ҳамда вазмин бўлса, Халилуллоҳ ака шунчалик қизиққон ва “ёнувчан” одам. Аммо уларни бирлаштириб турадиган жиҳатлар кўп: имон ва эътиқод, ибодат, ҳалоллик, дўстона меҳр, чуқур ҳурмат, теран илм ва ўткир тафаккур. Бу икки дўстнинг тафаккур қамрови жуда кенг бўлиб, суҳбатлари дилбар эди.
Назаримда, Ҳабибуллоҳ ака ҳаёт эканларида улар деярли ҳар куни суҳбатлашишарди. Кўпинча, Ҳабибуллоҳ аканига борсам, Халилуллоҳ акани кўрардим ёки аксинча... Бизникига ҳам иккаловлари меҳмон бўлиб кириб келишарди.
Халилуллоҳ аканинг ўғли Мираъзам билан синфдош бўлдик. Ҳабибуллоҳ аканинг ўғли Ислом билан эса ака-ука. Қисқаси, бу икки ажойиб инсон каминанинг айнан шаклланиб келаётган давримда – ўсмирлигимда падари бузрукворимнинг дўстлари сифатида ҳамдам ва маънавий суянч бўлишди.
Падари бузрукворимга улар мен ҳақимда айтиб туришарди. Ҳозир ҳам Халилуллоҳ ака шундай.
Хуллас, энди боққа қайтсак.
Халилуллоҳ ака ҳаммамизни йиғиб олиб, турли ривоятлар айтиб берди. Биз маза қилиб эшитдик. Бу ривоятларнинг бири “Сафед Булон” ва иккинчиси “Тавба” деб номланарди. (Албатта, бу ўша ривоятларнинг мазмунидан келиб чиқиб, ўзим қўйиб олганман)
Ривоятларни тинглаб олгач, у ёқ бу ёқдан гаплашдик. Тушлик келди. Овқатланиб бўлиб, болалар чўмилишга кетишди. Уч-тўрт киши Халилуллоҳ аканинг ёнида қолдик. У кишини саволга кўмдик. Аммо Халилуллоҳ ака эринмай жавоб бериб ўтирди. Шунда бир яқин ўртоғим шикоят қилиб қолди:
–Дадам – ўқитувчи. Ҳамма синфларим нима бўлса, устознинг боласиман деб керилма деяверишади...
–Ҳа... – деди Халилуллоҳ ака қалин қошларини чимириб. – Сен уяласанми бундан?
–Уяламан...
–Уялма, – Халилуллоҳ ака шундай қатъий оҳангда гапирдики, ҳаммамиз сергак тортдик. – Оталар чинорга ўхшайди. Уларнинг сояси вафот этганидан сўнг ҳам узоқ йиллар фарзандни жазирамада куйишдан сақлайди. Ота шунинг учун ота-да. Боласи учун қайғуради, ҳаракат қилади. Агар сенга устознинг ўғли дейишса, бундан фахрлан. Нимага уяласан? Балки дадангга муносиб фарзанд бўлишга ҳаракат қил. Кўрганлар отаси жуда маънили, боласи ҳам маънили бўлиб катта бўляпти дейишсин. Кимларнинг отаси йўқ, кимларнинг отаси ноқобил, сен эса маърифатли даданг билан фахрлансанг бўлмайдими?
Бу гап менга қаттиқ таъсир қилди.
Ўсмирлик – ўтиш даври эдими, гоҳ-гоҳида падари бузрукворимнинг даккиларини оғир олар эдим. Аммо шу ўгитдан кейин ўйлаб қолдим. Ва ўша ондан эътиборан отамнинг қалбини Халилуллоҳ ака айтган жумлалар билан таҳлил қилдим: “Оталар чинорга ўхшайди. Уларнинг сояси вафот этганидан сўнг ҳам узоқ йиллар фарзандни жазирамада куйишдан сақлайди. Ота шунинг учун ота-да. Боласи учун қайғуради, ҳаракат қилади”.
Оддий ҳақиқат бу. У киши айтгунга қадар китобларда ҳам ўқиганман. Аммо Халилуллоҳ ака айтган икки оғиз жумла менинг дунёқарашимни ўзгартириб юборди. Кейин билдим – Халилуллоҳ ака дадалари – Ҳожи бобонинг хизматида сўнгги нафасларигача қойим турган, ака-укаларидан кўпроқ у кишига меҳр-муҳаббат кўрсатган экан. Демак, у киши отанинг қадр-қимматини ўзи юрагидан ҳис қилган ва ўзи ҳам шунга яраша хизмат қилган.
Халилуллоҳ ака Ҳабибуллоҳ ака вафот этганда қаттиқ куйинди. Ташига чиқармади, аммо мен сездим.
У киши қизиққон ва таъсирчан. Шунга бўлса керак, ё бошқа сабаб – умуман тақдир-да – юрак хасталиги билан жарроҳлик столига ётди. Хорижлик жарроҳлар жуда қалтис ишни амалга оширишди – юракдаги томирлар алмаштирилди.
Халилуллоҳ ака тузалиб чиқди. Қалбида қолган умримни Аллоҳ йўлига бағишлайман деган қасд билан шифохонадан келди.
Масжидга ходим бўлди. Ихлос ва қунт билан барча хизматни адо этиб келяпти.
Халилуллоҳ аканинг менга қилган насиҳатлари кўп. Уларнинг ҳар бири фойдали. Мана, улардан бири:
“Акром, шошиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Сокинлик инсон учун энг катта фазилатдир. Одамлар билан ихтилофга бориш эмас, иттифоққа келишиш керак. Сиз ўйлаётган фикр бошқада ҳам бўлиши табиий, шунинг учун хулоса қилишдан шошмаслик керак...”
Халилуллоҳ акадан шижоатни, қатъиятни ўргандим. Кўп гапирмасдан, тартибли ва қунт билан меҳнат қилиш сабоғини олдим. Атрофдаги майда-чуйда гап-сўзларга эътибор бермаслик намунасини кўрдим у кишида.

Халилуллоҳ ака – яхши одам. Камина бунга гувоҳлик бера оламан. У киши умрини ҳалоллик билан қурди, ҳалолликдан таълим берди ва ўз тажрибасини мендай бир чурвақа гўдак билан бўлишиб, каминга катта яхшиликлар қилди. У кишининг яхшилиги давом этяпти ва Аллоҳ унга янада кўп хайр берсин.

No comments:

Post a Comment