Wednesday 8 April 2015

2-боб Муаллима



Мактабга борганимда ҳарф танимас эдим, албатта. Чунки “нулавўй” деган босқични кўрмаганман. Қолаверса, партани ҳам, доскани ҳам шу ерда илк бора кўрдим ва номларини билдим.
Устозимизнинг исмни иккинчи ёки учинчи синфда ўқиётиб эшитдим: Салимахон опа.
Биз у кишидан қаттиқ қўрқардик. Дарсни қаттиққўллик ва меҳр орасида ўтарди.
Ҳарфни танитди.
Ҳар дарсни байрам қилиб қўярди. Аълочиларга “лола” бериларди, партамизнинг усти “лолазор” бўларди.
Китоб ўқитарди, ўзи ҳам эртаклар ўқиб берарди. Синфимиз шкафида катта ва рангли китоблар турарди. Ҳамма бу китобларга суқланиб қарар, қўлга олиб кўргиси келарди, аммо устоздан рухсат йўқ: “Беш” баҳо олганларга китоб берилади!”
Ҳамма “беш” учун интиларди. Баҳолар қўйиларди, аммо китоблар ҳаммага тарқатиларди: “Майли, “тўрт”чиларни ва “уч”чиларни кечирамиз. Китобларни вақтинча ўқиб туринглар, кейинги сафар “беш” олмасанглар, китоб йўқ!”
Ёзувимиз чиройли бўлишини истарди устоз.
Равон ўқишимизни истарди устоз.
Энг асосийса, ахлоқимиз гўзал бўлишини истарди устоз.
Синфда ҳамма бир-бирини сизларди. “Сен”лашга қўймасди устоз. Бора-бора ҳамма бир-бирини сизлаб кетди. Кейин билдик: ҳеч қайси муаллим ёки муаллима бу тартибни ўрнатмас экан. Бизда қизлар ва ўғил болалар бир-бирига “Сиз” деб мурожаат қиларди. Тасаввур қилинг, саккиз-тўққиз ёшли болакайлар бир-бирига сизлаб гапириб турса, қандай гўзал!
Ўғил болаларнинг тилини қаттиқ назорат қиларди устоз.
Китобларимизни текширарди, тозалигимизга диққат билан қаради устоз.
Ота-оналаримиз мактабга келишмаса, ўзи уймизга келарди. Унга нима кераги бор эди шунинг? Тўрт йил ўқитди, холос, жон куйдиши шартмиди?
У йигирма уч ўқувчини болам деб билди. Керак бўлса, боламдан афзал деб билди. У бўйнимиз “йўғон торта бошлаган” пайт – тўртинчи синф эканимизда кўп такрорларди: “Менга Сизларнинг ўқишингиз эмас, билимингиз эмас, одобингиз керак! Билимингиз ота-онагизники, менга эса ахлоқингиз зарур!”
У худди шундай дер эди. Орадан йиллар ўтди, сувлар оқди. У каби ўз соҳасида билимдон ва ўқитиш услуби ўта қулай бўлган бошқа муаллималарни учратдим, аммо одоб масаласини ҳаёт-мамот каби юқори кўтарган бошқа педагогни кўрганим йўқ. Бу ҳақиқат.
Унинг айтган ўша гапларидаги маънодан ҳамон ҳайратдаман.
Чека бир шаҳарда, чека бир маҳаллада оддийгина яшайдиган аёл. Ҳатто, олий маълумот олмаган. Техникумда ўқиган. Мансаб ҳам кўрмаган. Ёзда далада деҳқончилик қиларди оиласи билан. Қўллари қаварган бўларди кўпинча. Либослари тоза ва ярашимли, лекин узоқ киярди. Аммо у айтган ўша жумла ҳамон унинг сиймоси олдида мени ҳайрат денгизига ғарқ қилади.
Ҳаётимда шу оддийгина аёл мен учун яхшиликнинг биринчи тимсолидир. Бу биринчилик, менимча, умрбод шундай қолса керак. Агар у шундай демаганида, агар у шундай ўқитмаганида, кўп нарсани англашдан кечикардим ёки бунга умуман эришмасмидим, валлоҳи аълам.

Биламан, у менинг арзимаган ютуқларимдан қувониб кетади. Гарчи ўзим арзимас одам бўлсам-да, қилаётган ишларимни бир тийинга сотиб олиб бўлмаса-да, унга кўрсатгим келади. Чунки унинг қувонишини, қалби шодликка тўлишини жуда-жуда истайман...

АКРОМ МАЛИК

No comments:

Post a Comment