Wednesday 8 April 2015

1-боб Яхшилик нима? Ким яхши?


Агар менга яхшилик қилган ҳаммани яхши десам, яхшилик қилмаган одамларни ёмон десам, ғирт худбин эканим фош бўлиб қолади. Шунинг учун холис туриб, яхшилик ва яхши одам тушунчасига таъриф топиб олсам.
Биз кимни яхши деб ўйлаймиз?
Камтар одамларни.
Ҳалол одамларни.
Жонкуяр одамларни.
Ростгўй одамларни.
Кўнгли тоза одамларни.
Мард одамларни.
Самимий ва ширинсўз одамларни.
Чеҳраси кулиб турадиган нурли одамларни.
Албатта, имонли одамларни.
Ва ниҳоят бизга турли вазиятларда ёрдам берган одамларни.
Демак, яхши одам бўлиш учун қийин вазиятда ёрдамчи бўлиш шарт эмас. Табиий камтарлик, самимий ростгўйлик, чинакам ҳалоллик, мардлик яхшиликнинг мезонларидир.
Аммо барибир яхшиликнинг чўққиси – энг қийин вазиятларда фидойилик қилишда намоён бўлар экан. Агар оёққа миннат тошлар бойлаб олинмаган бўлса, бу чўққида қолиш мумкин. Аммо яхшилик миннат қилинса, “яхши” одам чўққидан тош каби қулайди ва лой каби парча-парча бўлиб кетади.
Яхшилик яхши нарса. Аммо у жуда нозик. Нақ қизғалдоқнинг ўзи. Агар яхшилик қилиб, ортидан уни эслаб юрсангиз, ҳаммасининг қиймати нольга тенглашади, тамом. Аммо яхшилик қилиб, уни табиий равишда унутиб юборсангиз, унинг қиймати шу қадар баланд бўладики! Уни ақл тасаввур қила олмайди.
Яхшиликнинг энг катта шарти – уни амалга ошириш, унутиш ва жавобини талаб қилмасликдадир.
“Фалончига яхшилик қилганман, илтимосимни рад қилмас”, –  деган ўй нимани билдиради?
Яхшиликнинг мукофотини Аллоҳ беради. Аммо Сиз  биз яхшиликка жавобни одамлардан кутсак, илоҳий мукофот эшикларига қулф осилади, тамом. Сизга қайси бири афзал – банданинг мукофотими ёки ягона Илоҳники?
Сизга қайси бири афзал – ўткинчи ва ўзингиз каби ожиз инсоннинг мукофотими ёки оламларнинг Эгаси бўлган Аллоҳники?
Афсуски, биз Илоҳий Ваъдаги ишонмаган одамдек мукофотнинг нақдини бу дунёда олақолай деб унвонга қараб чопамиз, мақтов излаб оламларнинг оғзига суяк кутган кучукдек мўлтираб қараб ўтирамиз.
Узр-а, гапларим Сизга оғир ботмасин, ҳар хил кучук-пучук деган истиора ва ташбиҳлар...
Ҳа, ақлли гапларда давом этамиз.
“Яхшилик қил – дарёга от. Балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади”.
Шу мақол ҳақида тафаккур қиламиз.
Дарё – бу ҳаёт. Яхшилик қилиб дарёга отиш – яхшилик қилиб, унутиш дегани. Балиқ – одамлар. Демак, яхшилигингни одамлар билади. У ер, бу ерда, масалан, тўй, маърака, жуда борса, телевидение, газет, журнал ва менга ўхшаб китобларда айтади, яъни билади. Аммо шундай қилмаса, хафа бўлма, Холиқ – Худо, Яратган билади.
Халқ билиб айтган.
Бу китобда инсофли “балиқ” бўлиб, ўзимга қилинган яхшиликларни эслаб ўтсам. Ва яхшилар одамларни ёдга олсам. Уларнинг исмини келтирсам, улар учун дуо қилсам, Сиз ҳам дуо қилсангиз. Зотан, мақсад шу.
Мен учун дунёдаги энг яхши одам – отам, онам. Ҳамма учун ҳам ўз ота-онаси шундай бўлса керак, албатта. Ақлимни таниганимдан буён бу икки мушфиқ инсоннинг ёмонлигини кўрмадим.
Бировга чоҳ қазимади улар.
Ўғирлик қил демади улар.
Ўзгаларни айбламади улар.
Ҳаромдан ҳазар қилди улар.
Ҳалол яшайлик деб бир бурда нонга ҳам қаноат қилди улар.
Маломатларга ҳам чидади улар.
Бизнинг, биз қулоқсиз ва инсофсиз болаларнинг жабру-зулмига ҳам тоқат қилди улар.
Шу икки муштипар зотнинг дуоси билан бўлса керак, шу икки меҳри дарё инсоннинг суяб тургани учун бўлса керак, шу икки азиз мусулмоннинг яхшиликлари туфайли бўлса керак, йўлим доим яхшиларга тўла. Мен кўрган яхшиликларнинг чеки йўқ, чегараси йўқ. Гуноҳларга бир қадам қолганда улар туфайли нажот топдим. Қалбим ғамга тўлганда улар туфайли қувончга кўтарилдим. Хатолар денгизига чўкканимда улар туфайли қутулдим.
Шу ёшгача кўрган эзгуликларим умрбод шукур билан, Аллоҳга ҳамд айтиш билан яшашга кифоя қилади.
Шу йигирма беш йил ичида менга қилинган яхшиликлар умрбод бошқаларга яхшилик қилиш учун етарли қарздир.
Шу чорак асрлик ҳаётда билдирилган лутфу-карам қолган умримда ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик чегарасида туришим учун етарли куч-қувватдир.

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни адаштирмасин! У ҳаммамизга раҳм қилсин!

АКРОМ МАЛИК

1 comment:

  1. Ассалому алейкум. Шу сузларингизни кани одамлар укиб магзини чакса. Афсус куп одамлар мол дуне га ошикиб миннат нималигини унутиб куйишяпти. Оллохдан уларни тугри йулга солишини сурийман.

    ReplyDelete